Музокаралар якунланди: Тарихий ҳужжатларга имзо чекилди!

Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёевнинг музокаралари якунига кўра бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида Қўшма декларация имзоладилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ва унинг қозоқ ҳамкасби Аскар Мамин Ҳудудлараро ҳамкорлик Келишуви, 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодиқ ҳамкорлик Стратегияси, Икки тарафлама солиққа тортишнинг олдини олиш бўйича келишувга ўзгартиш киритиш Протоколини имзоладилар.
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев ва Қозоғистон инвестициялар ва тараққиёт вазири Женис Касимбек Халқаро автомобил алоқаси бўйича Келишувга қўшимча ва ўргартишлар киритиш Протоколини имзоладилар.
Икки давлат ташқи ишлар вазирлари Абдулазиз Камилов ва Кайрат Абдрахманов вазирликларро ҳамкорлик Дастурини имзоладилар. Мудофаа вазирлари Қобул Бердиев ва Сакен Жасузаков икки давлат ўртасида ҳарбий ҳамкорлик бўйича Келишувга имзо чекдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон давлат раҳбари Нурсултон Назарбоевга Ўзбекистонга ташриф буюришни таклиф қилди.
«Бугунги музокаралар, бугунги ташриф тарихий бўлади деб ўйлайман», — деди Шавкат Мирзиёев Оқ Ўрдадаги икки томонлама учрашувда.
Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгаши муваққат аъзо сифатида сайланиши тарихий ҳодиса бўлиб, Марказий Осиё ҳудуди учун катта аҳамиятга эга эканлигини маълум қилди. Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик Қозоғистон ва Ўзбекистон учун жуда муҳим эканлигини таъкидлади.
“Нурсултон Абишевич, сизни ўзингиз учун қулай вақтда Ўзбекистонга таклиф қиламан. Сизни Ўзбекистонда кутиб олишдан жуда хурсанд бўламан” – деди Шавкат Мирзиёев.
Нурсултон Назарбоев Оқ Ўрдадаги икки томонлама учрашув давомида Ўзбекистоннинг ЭКСПO-2017 да кенг кўламда иштирок этиш ҳақида қарор қабул қилганлиги учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди ва ЭКСПO майдончасини кун давомида кўрсатишини айтди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон кўргазмада ўзининг энг яхши ютуқларини намойиш этиши мумкинлигини қўшимча қилди.
“Ўзбекистоннинг ЭКСПO кўргазмасидаги иштироки мамлакатингизнинг энг яхши ютуқларини дунёга намойиш этиш имконини беришига ишонаман”, - Нурсултон Назарбоев

Биз Twitterда