Мирзиёевнинг Россия сафари: $16 миллиардлик келишув, стратегик шерикчилик, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россияга ташрифи доирасида  55 ҳужжатдан иборат тўплам, жумладан иқтисодий соҳа бўйича умумий қиймати 16 миллиард долларлик келишувларни имзолайди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ҳужжатларнинг бир қисмига имзо қўйиш маросимида маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.
 
 
"Учрашувимиз Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга илк давлат ташрифи арафасида бўлиб ўтмоқда. Ташриф Ўзбекистон-Россия кўп томонлама ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлади ва ўзаро ҳаракатларнинг янги истиқболларини очади, - дея айтиб ўтган у. – Ташрифга сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, ҳарбий-техникавий, миграция соҳалари, шунингдек минтақалараро ҳамкорлик, туризм ва соғлиқни сақлашга оид умумий қиймати 16 миллиард доллар бўлган 55 ҳужжатдан иборат катта тўплам тайёрланган".
Аввал хабар берганимиздек, кеча эса томонлар ҳажми 3,5 миллиард доллардан ошиқ бўлган 16та ҳужжатни имзолашган.
Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига кўра 4 ва 5 апрель кунларида Москвада бўлиб, ўтказиладиган учрашув ва музокараларда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли масалалар, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар. Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро долзарб муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашадилар.

Биз Twitterда