Камилов ва Драганов: Долзарб халқаро ва минтақавий масалалар муҳокамаси

Article
Бугун, 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (МОПДММ) раҳбари Петко Драгановни қабул қилди, дея хабар қилади ТИВ расмий сайти.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва МОПДММ ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланиш истиқболлари ҳамда долзарб халқаро ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди.
БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази Марказиё Осиёдаги беш давлатнинг БМТ бош котиби ҳамда Хавфсизлик Кенгаши раиси билан ўзаро хат алмашинуви натижаси ўлароқ, Хавфсизлик кенгаши томонидан 2007 йилнинг 16 майида ташкил этилганди. Ҳукуматларнинг бу ташаббуси Марказий Осиё мамлакатлари дуч келаётган кўп сонли хавфларни биргаликда бартараф этишга қаратилган. Жумладан, ўзаро ҳамкорликда халқаро терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айлануви, уюшган жиноятчилик ҳамда экологик муаммоларни ечиш кўзда тутилган.
Сўнгги пайтларда, Тожикистон ва Афғонистон чегараси атрофида кўп сонли террорчилик гуруҳларининг тўпланаётгани ҳам ушбу мамлакатларни хавотирга солмай қўймади. Матбуотдаги охирги хабарларга кўра, Афғонистон шимолида 10 мингга яқин жангарилар тўплангани тўғрисида маълумотлар бор. 

Биз Twitterда