"Аваза" Конгресс Марказида Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон президенти билан учрашуви бўлиб ўтди

 
“Аваза” миллий сайёҳлик зонасидаги Конгресс Марказида Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар қилди.
Икки давлат раҳбари ўртасидаги мулоқот “бирга бир” форматида ўтказилди.
Олий мартабадаги учрашув кун тартибидан икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, экология ҳамда энергетика соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш масаласи ўрин олди. Икки мамлакат ўртасида маданий, ижодий ҳамда илмий тадбирларни кўпайтириш борасида келишиб олинди.
Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари икки мамлакат учун аҳамиятли бўлган минтақавий ҳамда халқаро сиёсий масалаларни ҳам муҳокама қилишди. Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида спорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ҳам учрашувда муҳокама қилинди. Гурбангули Бердимуҳамедов яқинда Туркманистонда бўлиб ўтадиган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинлари мусобақасида Ўзбекистон катта делегация билан иштирок этишига умид билдирди.

Биз Twitterда