Антониу Гутерреш: БМТнинг бош котиби – дунё президенти дегани эмас!

Article

Португалиялик Антониу Гутерреш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош котиби сифатида иш бошлади, деб хабар қилди РИА Новости. Аввал Португалиянинг бош вазири, Жаҳон социал-демократик партиялар бирлашмасининг раиси, қолаверса БМТнинг қочоқлар ишлари бўйича бош комиссари бўлиб ишлаган 67 ёшлик Гутерреш бош котиблик учун сайловларда 13 номзод орасида ғолиб чиқди.

Гутерреш вазифага киришган биринчи кунданоқ у БМТ бош котиби учун ўз нуқтаи назарини эълон қилди: “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош котиби дунёнинг президенти дегани эмас, балки БМТнинг самарали ишлашини ташкил этиши керак бўлган шахсдир.” Унинг фикрича, БМТ бюрократизмдан воз кечиши ва ўзгаришга тайёр бўлиши керак.

Антониу Гутерреш тўққизинчи БМТ раҳбари бўлди. Бу ташкилотга илк бош котиб сифатида Трюгве Ли (Норвегия) иш юритган. Ундан кейин Даг Хаммершельд (Швеция), У Тан (Бирма), Курт Вальдхайм (Австрия), Хавьер Перес де Куэльяр (Перу), Бутрос Бутрос-Ғали (Миср), Кофи Аннан (Гана) ва Пан Ги Мун (Жанубий Корея) бош котиблик қилишган.


Биз Twitterда