Аюбхон Камалов Хитойдаги халқаро форумда иштирок этмоқда

 
Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Аюбхон Камалов Ўзбекистон делегацияси таркибида Хитойнинг Сучжоу шаҳрида бўлиб ўтаётган 4-Халқаро “Миллий иқтисодий ва технологик зоналарни яшил ривожлантириш форуми”да иштирок этмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
14-16 ноябрь саналарида бўлиб ўтаётган ушбу халқаро форум доирасидаги панел сессияларда Хитой саноат зоналарида экологик тоза технологияларни қўллаш орқали муваффақиятли амалга оширилган лойиҳалар бўйича кенг муҳокама ва фикр алмашинуви ўтказилмоқда.
 
 
Форум иштирокчилари дунёнинг энг йирик саноат паркларидан бири бўлган Сучжоу саноат паркида амалга оширилган лойиҳаларни бориб кўришади. Сўнгги 25 йил ичида ушбу саноат паркининг ташқи савдо ҳажми 1 триллион АҚШ долларидан зиёд бўлгани, бу ерда мавжуд лойиҳаларнинг кўламини ҳамда муваффақиятини кўрсатиб беради. 1994 йилда Хитой ва Сингапур ҳамкорлигида ташкил этилган Сучжоу саноат паркида 5 мингдан зиёд хорижий компаниялар ҳам фаолият олиб боради.
Осиё тараққиёт банкининг махсус таклифи билан Форумда иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси таркибидан Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бахтиёр Саидов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири биринчи ўринбосари Алишер Абдуалиев, АТ «Алоқабанк» бошқарув раиси Каммуна Ирисбекова ва бошқа расмийлар ўрин олишган.
 
 
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 14 июнда Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитида ташкилотга аъзо мамлакатларда замонавий ресурс тежовчи ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш мақсадида ШҲТнинг "Яшил белбоғ" дастурини жорий этиш ташаббуси, мамлакатимизда амалга оширилаётган инвестицион технологик лойиҳаларда асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Биз Twitterда