ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ "КУРАШ"ДА ЯНГИ БРЕНД: ҲАМЗА БИН ЛАДЕН!

Article

90-йиллар охиридан бошлаб 2011 йилга қадар дунёда террорист дейилганда, ислом экстремизми дейилганда илк ёдга келадиган исм Усама бин Ладен бўлди! Қаерда портлаш бўлса, қаерда террористик акт содир этилса, дарров бин Ладеннинг изи қидириларди.

80-йилларда Афғонистонда совет қўшинларига қарши курашиш учун Американинг хавфсизлик хизматлари томонидан тайёрланган мутахассислардан бири бўлган Усама Афғон тупроқларида ўз миссиясини якунлагач, араб давлатларига кўчиб ўтганди ва барчани ваҳимага солувчи террористик ташкилотини тузганди. Кейинчалик қандайдир тасодифлар занжири пайдо бўлдики, АҚШ ва унинг иттифоқчилари қайси давлатга босим ўтказишни ёки бостириб киришни режалаштиришса, “дунёнинг энг хавфли террористи” ўша жойда пайдо бўларди ва агрессияни оқлашга сабаб пайдо бўлишини таъминларди. Бу дунёда ер тагида илон қимирласа биладиган разведка ташкилотлари эса, нимагадир Усаманинг айнан қаерда эканлигини топа олишмасди. 2001 йил 9 сентябрда АҚШдаги осмонўпар биноларга террористик ҳужумни ҳам бин Ладенга юклаб, ортидан Афғонистонга бостириб киришга замин яратилди.

Ниҳоят, 2011 йили америкалик ҳарбийлар Усама бин Ладенни Покистоннинг Абботобод шаҳри яқинида махсус операция натижасида йўқ қилишга эришдилар. Шундан кейин “Ал-Қоида” ҳақидаги хабарлар камайиб, ўрнини ИШИД масаласи эгаллаганди. Лекин, Сурия тупроқларида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган хунрезликлар билан башариятни ларзага солиб келган ИШИД ўтган йилги Россиянинг Суриядаги ҳаво операциялари, кейинчалик Асад армиясининг дадиллашиши, ўтган ойларда эса, Туркиянинг ҳам қуруқликдан бошлаган ҳарбий операциялари, ва энг ниҳоят, Сурияда урушаётган ҳукумат ва мухолифат армиялари ўртасида сулҳ имзоланиши натижасида интиҳосини қарши олиши аниқ бўлиб қолди.

ИШИДнинг “режиссёрлари” бу террористик гуруҳнинг қолдиқларини Афғонистонга йўналтириб, у ердан Марказий Осиёни нишон қилмоқчи бўлишгани жаҳон ҳамжамиятига аён бўлгач, бу муваффақиятсизлиги аниқ бўлган амалиётдан кўра, синалган “Ал-Қоида”ни яна майдонга қайтариш маъқул топилган кўрилади.

Куни кеча Усама бин Ладеннинг ўғли, 24 ёшли Ҳамза бин Ладенни АҚШ давлат департаменти томонидан террористлар рўйхатига қўшилганидек оддий хабар дунё медиасининг асосий кун тартибига айлантирилгани айнан ўша “режиссёрлар”га янги саҳна кўриниши керак бўлиб қолганини кўрсатади.

ИШИД қисқартмаси Ироқ ва Шом Ислом Давлатидир. Террористик ташкилотнинг брендини ўйлаганда айнан “Ислом” сўзини қўшиб, дунёда ислом қўрқувини яратиш режалаштирилгани аён. Ваҳоланки, инсониятга зарар етишига мутлақо қарши бўлган, Аллоҳ таоло томонидан инсоният бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилинган ислом динимиз террорнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қаршидир.  

Энди, рекламаси отасининг исми воситасида яхши кетадиган ёш йигитчани ўртага чиқариш Усама бин Ладен сабабли нотўғри талқинга йўналтирилган ислом динини дунёнинг турли мамлакатларида яна қўрқув билан бирга қабул қилинишига бошлаши аён.

Худога минг шукур, юртимиз тинч, ҳаётимиз хотиржам. Аммо тинчлик шундай улуғ неъматки, шундай Ҳақ томонидан берилган азалий ҳуқуқки, Башар фарзандининг барчаси ундан баҳраманд бўлиши керак.

Дунёга “демократия”, “инсон ҳуқуқлари”, “сўз эркинлиги ҳуқуқи”, “жинсий эркинлик ҳуқуқи” каби турли шапкалар остида ўз ғояларини тарғиб қилишга уринаётган, ўз таъсирларини ўтказишга уринаётган кучлар шуни эсда тутишлари керакки, яшаш ҳуқуқи, тинчлик ҳуқуқи, хотиржамлик ҳуқуқи Инсон учун ҳар қандай ҳуқуқдан, ҳар қандай ғоядан аввал келади!

Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда