Коррупция илдизи билан йўқ бўлади: Мирзиёев «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунни имзолади

Article

Тараққиёт йўлига жиддий тўсиқ бўлиб, жамият ривожи, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат бу – коррупциядир. Шу боис мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан эски тузум орқали ўтган асрда қонларга қўшилган бу дардга қарши кураш чораларини кучайтириш, уни таг-томири билан йўқотиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилиб келинди.

Бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида 2016 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ўша пайтда мамлакат президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан киритилган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунни биринчи ўқишдаёқ қабул қилганди ва бу Қонун 2016 йил 13 декабрда Сенат томонидан маъқулланганди.

Кеча, 3 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунни имзолади ва қонун 2017 йил 4 январдан кучга кирди.

Қонун коррупцияга қарши кураш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини келтириб ўтади.

Энди коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик асосида давлат ташкилотларида иш ташкил қилиб, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг давлат томонидан қонун билан кафолатланган ҳолда берилган ҳуқуқларини бузиш, ўз вазифаси бўйича белгиланган мажбуриятларини бажаришни пайсалга солиб, таъмагирлик қилиш каби ҳолатларда бундай қабиҳликларни амалга оширганлар учун давлатнинг қатъий жазоси муқаррарлиги аниқ-равшан белгиланди.

Кучли фуқаролик жамияти сари қадам қўйиб бораётган Ўзбекистонимиз ҳаётида бу Қонуннинг амалга тадбиқ этилиши тараққиёт ривожига катта ҳисса қўшувчи омил бўлиши шубҳасиз.

Биз Twitterда