Депутатлар халқ билан очиқ мулоқотда

Одамларни уйлантираётган муаммоларни жойларнинг ўзида ҳал қилиш, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг жалб қилиш, қувонч-ташвишларига шерик бўлиш ҳамда юртдошларимизнинг турмуш-тарзи билан яқиндан танишиш мақсадида хукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари мамлакатимизнинг чекка-чекка ҳудудларида бўлишиб, аҳоли билан кенг қамровли учрашувлар-мулоқотлар ўтказишмоқда.
Айни кунларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар Наманган вилоятининг Чуст туманида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аҳоли турмуш тарзи билан танишмоқдалар.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 2017 - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили ҳамда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғояни ҳаётга изчил татбиқ этиш мақсадида амалга оширилаётган ушбу тадбирлар қонун ижодкорларининг жойларда ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини ўрганиш ҳамда аҳолининг талаб-таклифларини эшитган ҳолда келгусидаги долзарб вазифаларни белгилаб олишда муҳим ўрин тутади.
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш-аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Ана шу муҳим мезоннинг амалий исботи сифатида, қадимий ва навқирон заминга келган қуйи палата депутатлари одамларнинг мамлакатимиз равнақи, халқ фаровонлигини янада ошириш билан боғлиқ фикр ва таклифларни ўрганиб, жойлардаги мавжуд муаммоларнинг ечимига биргаликда эътибор қаратмоқдалар.
Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари Акмал Раҳмонов, Шуҳратжон Тўхтабоев ва Нодир Мухторовлар Ғова, Варзик ва Ахча қишлоқларида уйма-уй юриб, аҳоли хонадонларида халқ билан мулоқотлар ўтказишди.
- Меҳнат фахрийлари, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари, ўқувчи-талаба ёшлар, коллеж битирувчилари, кичик бизнес субъектлари, хусусан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан дилдан кечаётган суҳбатлар энг аввало, халқимизни мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида инсон манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнунлик ҳамда дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганини англадик, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Акмал Раҳмонов. – Мулоқотларда фуқаролар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда ишбилармонлик муҳитини кучайтириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали бандлик ва фаровонликни ошириш бўйича тушган мурожаатларнинг ижобий ечими келгусида Ватанимизни янада равнақ топишига муносиб ҳисса бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз албатта.
Дархақиқат, аҳоли билан мулоқот ечимини кутаётган мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларни ижобий ва қонуний тарзда ҳал этиш халқнинг нафақат ўзи сайлаган депутатга, қолаверса, маҳаллий вакиллик органларига бўлган ишончи ортади, кечираётган турмушидан рози бўлади.
Халқ билан мулоқотлар жараёнида уларни ўйлантираётган долзарб масалалар ва ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар, хусусан ЎзМТДП сайловолди Платформаси ва дастурида белгиланган эзгу ғоя-мақсадлар ижросини таъминлашга бевосита чамбарчас боғлиқ бўлган мурожаатлар тингланди.
Масалан, қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош бўлган Варзик қишлоғи Улуғбек кўчасида яшовчи Суярқул Мирзаев ҳудудда яшовчи ўқувчиларни мактабга боришлари учун 5 километр йўл босиб қатнаши, шу боисдан айни пайтда бўш турган божхона пости биносида бошланғич таълимга мўлжалланган мактаб филиалини ташкил этиш бўйича депутат Шуҳрат Тўхтабоевга мурожаат этди. Мазкур таклиф юзасидан туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ҳамда мактаб маъмурияти билан мавжуд ҳолатни ўрганиб, туман ҳокимлигига мактаб филиалини очиш бўйича таклиф киритиш режалаштирилди.
Ушбу масала ижобий ҳал этилиши партиямизнинг сайловолди Платформасида белгиланган, жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол янги авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш ишида ҳамкорлик қилишдек хайрли муддаосига ҳамоҳанг келади.
Яна бир мисол: Ахча қишлоғи Етти қўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи Фурқат Жўраев мебель ишлаб чиқариш билан шуғуллади. У депутат Нодир Мухторов билан мулоқотда ўз тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш мақсадида 2 сотиқ бўш жой ажратилишини сўради. Ҳунармандчилик анъаналари “Устоз-шогирд” асосида Чуст туманида минг йиллардан буён авлодлар оша сайқалланиб, ардоқланиб давом эттириб келинмоқда. Айни шундан келиб чиққан ҳолда ҳам ҳунарманд Ф. Жўраевнинг мазкур мурожаатини ижобий ҳал этиш вазифаси туман архитектура ва қурилиш бўлими раҳбари ҳамда Ахча ҚФЙ раисига топширилди.
Бу ўз навбатида партиянинг сайловолди Платформасида қайд этилган, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни қабул қилиш, хорижий маҳсулотлар ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга аҳд қилган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашдек эзгу вазифалар амалга ошаётганидан ёрқин далолат.
Самимий ва очиқ мулоқот ва учрашувлар давомида кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган кайвони отахон-онахонлар ушбу хайрли мулоқотлар ташаббускорларига ўз дил изҳорларини билдирмоқдалар.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев Биринчи Юртбошимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган оқилона ва доно сиёсатни изчиллик билан давом эттираётганидан биз нуронийлар беҳад мамнунмиз, - дейди Ахча қишлоғида умргузаронлик қилаётган 90 ёшли Чехназар ота Ҳакимов. – Айниқса, 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”  деб аталиши халқ вакили бўлган депутатларнинг халқ билан кўпроқ мулоқотда бўлиш, аҳолини ўйлантираётган саволлар, ечимини кутаётган муаммоли масалаларни бартараф этишга ёрдам бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, депутатлар томонидан учрашувлар якунида мавжуд муаммолар яна бир бор таҳлил этилиб, ижрога йўналтириш учун тегишли тартибда расмийлаштирилмоқда. Албатта, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларнинг ижобий ва қонуний ҳал қилиниши жамиятимиз тараққиётига, фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилиши, этиборга молик.
Дарвоқе, қўйи палата депутатлари кенг аҳоли қатлами вакиллари билан учрашишдан ташқари тумандаги давлат бошқаруви идоралари, корхоналар, ташкилотлар ва барча таълим ва соғлиқни  сақлаш муассасаларидаги ҳақиқий аҳвол билан яқиндан танишмоқдалар.  Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳлари, доимий комиссиялар фаолияти ўрганилади. Бунинг энг муҳим жиҳати шундаки, аввало, қонун ижодкорлигини тўла таъминлаш ва қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётийлигини оширишда мустаҳкам асос бўлиши табиий.
Ўн кун давом этадиган ўрганишлар натижалари туман Кенгаши депутатлари ва фаоллари иштирокида муҳокама этилади. Парламент аъзоларининг аҳоли билан мулоқотлари давом этмоқда.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда