Ўзбек бокси тарихидаги энг муваффақиятли чемпионат ҳам мухлисларни қониқтирмади. Биз бокс давлатига айландик!

 
Яхши нарсага тез кўникаркан инсон, тез ўрганиб қоларкан. Худди доим шундай бўлиши одатий ҳолдек туюларкан... Ўзбекистон боксчиларининг ўтган йилги Рио Олимпиадасидаги зафарли юришларидан сўнг бу йил Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида мутлақ ғолибликлари ва ҳамда яқинда Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги муваффақиятли иштироклари бўлиши керак ҳолатдай қабул қилинди. Ҳаттоки, Гамбург чемпионати натижаларидан қониқмаган, 3-4 олтиндан қуруқ қолдик деб, бироз кайфияти бузилганлар ҳам бўлди очиғи. Эътибор беринг, боксчиларимиз сўнгги икки йилда планкани қай даражада баланд кўтариб юборишганини, ўзбек бокси тарихидаги энг муваффақиятли жаҳон чемпионати иштироки мухлисларни қониқтирмаяпти!!
Жаҳон чемпионатларидаги Ўзбекистон терма жамоаси боксчилари иштирокига бир назар ташласак. Мустақилликдан кейин илк бор 1993 йили Финляндиянинг Тампере шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати иштирок этганмиз. 51 кг вазнда финалга чиққан боксчимиз Ҳикматулла Ахмедов, кубалик Вальдемар Фонтга енгилиб, кумуш медални қўлга киритганди. Жамоа ҳисобида эса 8-12 ўринларни бўлишиб олганмиз.
1995 йил май ойида Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги, 8-жаҳон чемпионатида 21 ёшли Дилшод Ёрбековнинг 75 кг вазнда бронза медали билан кифояланганмиз. (ярим финалда кубалик Ариэл Эрнандесга мағлуб бўлган). Жамоа ҳисобида эса 15-18 ўринларни баҳам кўрганмиз бошқа якка медалли мамлакатлар билан.
1997 йили Венгрия пойтахти Будапештда 19 ёшли Руслан Чагаев мустақил Ўзбекистоннинг биринчи олтин медалини қўлга киритганди. 91 кг вазнда дунё боксининг афсоналаридан бири бўлган кубалик Феликс Савоннинг устидан ғалаба ўша чемпионатдаги ягона ютуғимиз бўлганди. Бу жамоамизга медаллар ҳисобида 6-ўринни келтирганди.
Кейинги, 10-жаҳон чемпионати АҚШнинг Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтган. 63,5 кг вазнда Муҳаммадқодир Абдуллаев ҳамда 75 кг да Ўткирбек Ҳайдаров Ўзбекистонга олтин медаллар туҳфа этишган. 57 кг вазнда Тўлқинбой Турғунов финалгача етиб бориб, АҚШлик Рикардо Хуаресга тенг курашларда енгилган ва кумуш медал соҳибига айланган. Бу натижа билан Ўзбекистон терма жамоаси АҚШ, Куба ва Руминиядан кейин тўртинчи поғонани банд этган.
2001 йили Шимолий Ирландиянинг Белфаст шаҳрида бўлиб ўтган 11-жаҳон чемпионатида яна учта медални қўлга киритганмиз. Руслан Чагаев иккинчи бор жаҳон чемпиони деган унвонга сазовор бўлган бўлса, Ўткирбек Ҳайдаровдан бу сафар омад бироз юз ўгириб, финалда россиялик Гоголевга мағлуб бўлган ва кумуш медал билан кифояланган. Ёш боксчимиз Шерзод Ҳусанов эса 67 кг вазнда бронза медалини қўлга киритган. Ўзбекистон терма жамоаси медаллар бўйича бир поғона юқори кўрсаткич қайд этиб, Туркия билан учинчи ўринни баҳам кўрган.
2003 йил. Таиланд пойтахти Бангкокда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида олтин медалсиз қолганмиз. Шерзод Ҳусанов ўзининг аввалги чемпионатдаги натижасини бироз яхшилаб, кумуш медал эгасига айланган бўлса, 91 кгдан юқори вазнда Рустам Саидов ярим финалда россиялик Александр Поветкинга енгилиб бронза медали билан қайтган. 54 кг вазнда Баҳодиржон Султонов ҳам бронза медалини қўлга киритишга муваффақ бўлган. Жамоавий ҳисобда натижа – 8-ўрин.
2005 йили Мьянмада ташкил этилган 13-жаҳон чемпионатида Дилшод Маҳмудов 64 кг вазнда қозоғистонлик Серик Сапиевга енгилиб, кумуш медалга сазовор бўлганди. Ўткир Ҳайдаров ўзининг олтин ва кумуш медалларига бу сафар бронзани ҳам қўшиб қўйганди. Яна бир бронза медали Жасур Матчонов томонидан қўлга киритилганди. Медалларга кўра Ўзбекистон терма жамоаси бу сафар 7-ўринни банд этганди.
2007 йили яна АҚШда, бу сафр Чикагода ўтказилган жаҳон чемпионати 81 кг вазнда баҳс юритган 21 ёшли боксчимиз Аббос Атоевнинг илк порлаш пайти бўлди. Аббоснинг олтин медали терма жамоамизнинг ўша чемпионатдаги ягона ютуғи бўлди. Бу олтин медал жамоамизни медаллар ҳисобида 7-ўринни ушлаб қолишига имкон берганди, олтин олтин-да...
2009 йил. Милан, Италия. Футбол ва мода шаҳри Милан бокс бўйича 15-жаҳон чемпионатига мезбонлиқ қилганди. Аббос Атоев бу сафар 75 кг вазнда олтин медал соҳиби бўлганди. Кейинчалик 2012 йилги Лондон Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоасининг байроқдори бўлган Элшод Расулов 81 кг вазнда кумуш, 69 кг да Ботиржон Маҳмудов ҳамда 57 кг да Баҳодиржон Султонов бронза медаллари билан тақдирланишганди. Жамоамиз медаллар ҳисобида энг яхши натижасини қайд этиб, 3-ўринни олганди.
Ундан кейинги 3 жаҳон чемпионатида олтин медал қўлга киритиш насиб этмай келди боксчиларимизга...
2011 йили Бокуда Жасурбек Латипов ва Элшод Расуловлар бронза медалларини қўлга киритишди. Жамоавий ҳисобда 9-поғонани эгалладик.
Кейинги, 17-жаҳон чемпионати 2013 йили яна қўшни давлатда, Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида ўтказилди. Жасурбек Латипов бу сафар финалгача етиб борди, бироқ ҳал қилувчи баҳсда россиялик Миша Алоянга (ҳа, бу ўша Рио олимпиадаси финалида Шаҳобиддин Зоиров мағлуб этган Алоян) енгилиб, кумуш медал билан чекланди. Яна бир боксчимиз Ойбек Мамазулунов 81 кг вазнда бронза медали билан қайтди. Ўзбекистон терма жамоаси 6-ўринда мусобақани якунлади.
2015 йилги Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати кечагидай ёдимизда. Муроджон Аҳмадалиев, Фазлиддин Ғойибназаров, Бектемир Мелиқўзиевлар кумуш медалларни қўлга киритишган бўлса, Баҳодир Жалолов, Элнур Абдураимов ва Элшод Расуловлар бронза медаллар келтиришганди терма жамоамизга. Бу бир йил кейин бўладиган Рио Олимпиадасига борадиган терма жамоамиз жуда кучга тўлиб бораётганини кўрсатганди... Терма жамоалар ўртасида медалларга кўра жадвалда 7-ўрин бизнинг асл салоҳиятимизга мос эмас деган ишонч пайдо бўла бошлаганди ўшандаёқ...
Ва 2017 йил, Гамбург. Шаҳрам Ғиёсовнинг олтин медали, Ҳасанбой Дўстматов, Жасурбек Латипов ва Иқболжон Холдоровларнинг олтинга тенг кумуш медали, Бектемир Мелиқўзиев ва Санжар Турсуновларнинг бронза медаллари эвазига Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди. Ушбу натижаси эвазига терма жамоамиз жаҳон чемпионатини умужамоа ҳисобида Кубадан кейин фахрли иккинчи ўринда якунлади ва бу борада ўзининг барча жаҳон чемпионатларидаги натижасини яхшилашга эришди.
Бу катта ютуқ! Бунинг замирида боксчиларимизнинг қобилияти билан бирга уларнинг заҳматли тайёргарликлари, жамоа мураббийлари Марат Қурбонов, Тўлқин Қиличев, Раҳматжон Рўзиохунов, Равшан Хўжаев, ўзлари бир пайтлар жаҳон чемпионатларида зафар қучган Рустам Саидов ва Ўткирбек Ҳайдаровларнинг, жамоа шифокори Дилшод Қозоқовнинг, боксчиларимизнинг ҳар бир нафасини мухлислар ҳис этишига ёрдам бериб келаётган, юртимизда бокснинг оммалашишига ҳисса қўшаётган матбуот хизмати раҳбари Умид Мирзакариевнинг ва бошқа кўплаб фидойи инсонларнинг фидокорона меҳнатлари, бокс федерацияси мутасаддиларининг улкан ғамхўрлиги ётибди.
Бундай зафарни қўлга киритган спортчиларимиз нафақат ёш боксчиларга, балки келгуси бутун бир авлодга намуна бўлишлари шубҳасиз...
Эсласангиз, бундан бир неча йил авваллар ёш болалар ўзларини Жумонга қиёслашарди. Бугун "мен Ҳасанбойман, Шаҳрамман, Фазлиддинман, Бектемирман" деб юрган болачаларни кўрганда, боксчиларимиз қўлга киритган ютуқларнинг миллий ғурур ва ифтихорни шакллантиришдаги ўрнини ҳис қиламиз.
Борингизга шукр, Ўзбекнинг жасур ва музаффар боксчилари!
 Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда