«Uzbek Tigers» яшайди! МОҚ Президенти Умид Аҳмаджонов расмий баёнот берди

 
Бугун сайтимизда «Uzbek Tigers»нинг фаолиятини тўхтатиш бу – Ватанга, миллатга хоинлик бўлади!” сарлавҳаси остида “Ўзбек йўлбарслари” билан боғлиқ сўнгги хабарларга муносабат бергандик. Ҳиссиётларимиз билан тўлган бу мақоладан Ўзбекистон бокси келажаги учун қайғуларимиз ўрин олганди.
Аммо, минг шукурки, бу қайғуларга ўрин қолмади. Соат 16:22 да, Миллий олимпия қўмитасининг расмий сайтида МОҚ Президенти Умид Аҳмаджоновнинг бу борадаги расмий баёноти эълон қилинди.
Баёнотда Миллий олимпия қўмитаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамкорлигида бокс бўйича Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) мусобақасида уч йилдан буён мунтазам иштирок этиб келаётган «Uzbek Tigers» жамоасини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган жангларни янгича форматда, мухлислар учун хақиқий бокс шоуси даражасида ташкил этиш ниятида кенг кўламда иш олиб бораётгани баён қилиниб, «Uzbek Tigers» ўз фаолиятини янги форматда, янги мақсадлар билан давом эттириши билдирилган.
“Маълумот учун, «Uzbek Tigers» Бутунжаҳон бокс серияси (WSB)даги навбатдаги иккита жангини мамлакатимизда ўтказади. 27 февраль куни юртимизда Кубанинг “Cuba Domadores” клуби меҳмон бўлса, 1 март куни Колумбиянинг "Colombia Heroicos" клубини кутиб оламиз. Мазкур беллашувларни юқори савияда ташкил этиш, мухлисларга хақиқий спорт байрами муҳитини яратиш мақсадида жангларни Тошкентда ўтказиш қарори қабул қилинди. Ҳар иккала учрашув Ўзбекистон таэквондо ассоциациясига қарашли “Универсал” спорт мажмуасида соат 19:00да бошланади” дейилади баёнотда.
«Uzbek Tigers» яшайди! Хурсандлигимизнинг чеки йўқ!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда