Ўзбекистон терма жамоаси – Trophy кубоги соҳиби!

Article

Аввал хабар берилганидек, Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида давом этаётган гандбол бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида халқаро “Trophy cup” баҳслари якунланди. Марказий Осиё давлатлари терма жамоалари иштирокида Халқаро гандбол федерацияси, республика Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган халқаро турнирда катта тажрибага эга бўлган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ғолибликни қўлга киритди.
Эркаклар ўртасидаги мусобақанинг финал учрашувида қозоғистонлик қўл тўпи усталарини 27:23 ҳисобида мағлубиятга учратган мамлакатимиз терма жамоаси олтин медалга сазовор бўлди. Гандбол мухлисларида илиқ таассурот қолдирган Қозоғистон терма жамоаси кумуш медаль соҳибига айланди. Учинчи ўрин учун кечган беллашувда тожикистонлик рақибларини 43:13 ҳисобида енган Туркманистон терма жамоаси бронза медали билан тақдирланди.
Аёллар ўртасидаги ҳал қилувчи ўйинда Ўзбекистон ва Туркманистон терма жамоалари майдонга тушдилар. Унда 30:6 ҳисобида катта устунлик билан ғалаба қозонган ҳамюртларимиз ғолиблик шоҳсупасининг юқори поғонасига кўтарилдилар. Туркман қардошларимиз фахрли иккинчи ўринга эга чиқишди. Тожикистон ва Қирғизистон терма жамоаси ўртасидаги бронза соврини йўлидаги баҳсда тожикистонлик гандболчилар 15:18 ҳисобида зафар қучдилар.
Таъкидлаш жоиз, республикамизда тўртинчи, Наманган вилоятида илк маротаба ташкил этилган “Trophy cup” турнири доирасида унинг қатнашчилари гуллар шаҳрининг эътиборга молик масканлари бўйлаб сайёҳатда бўлдилар. вилоятимиздаги кўркам спорт иншоотлари, улкан бунёдкорлик ишлари самаралари меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди. Бундан ташқари, мусобақа кунлари Халқаро ва Осиё гандбол федерациялари лекторлари иштирокида беш мамлакатнинг мураббийлари ва ҳакамлари учун ўқув-семинар ҳам ўтказилди.
Халқаро турнирнинг тантанали тақдирлаш маросимида Ўзбекистон терма жамоасининг қўшалоқ ғалабалари шарафига давлатимиз мадҳияси янгради. Халқаро гандбол федерацияси масъуллари Сандор Андорка ва Игорь Шестаков, Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Аҳмадхон Маматов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг вилоятдаги вакили Шокиржон Қорабоев, вилоят гандбол федерацияси раиси Одилжон Маматкаримов ғолиб-совриндор терма жамоаларга, энг яхши ўйинчиларга кубок, диплом, медаллар ҳамда вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширдилар.
 

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
спорт шарҳловчиси

 

Биз Twitterда