Улар Осиё ўйинларида Наманган шарафини ҳимоя қиладилар

Ҳеч нарса спортчалик мамлакатни дунёга тез машҳур қила олмаслигига ҳар он, ҳар кун гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу ҳикмат қанчалар ҳақиқат эканини ёрқин натижалар ва эришилаётган ғалабалар билан исботламоқда. Эртага Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бошланаётган XVIII Осиё ўйинларида мамлакатимиз спортчилари муносиб чиқишлари билан иштирок этадилар. Спорт делегацияси таркибида наманганлик спортчиларнинг борлиги қувонарли воқеа. Ёш атлетларимиздан 6 нафари якка спорт турлари бўйича мазкур нуфузли спорт мусобақасида муносиб иштирок этиб Ўзбекистон довруғини, Наманган шаънини юксакларга кўтаришга астойдил киришмоқда. Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабининг тарбияланувчилари Умид Комилов, Баҳринисо Бобоева, Мухлиса Абдумаликова, Мадина Турғунбоева, Гимнастикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби вакили Самирбек Усмонов ҳамда Спорт ўйинларига ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Адҳам Эргашев 18 агустдан эътиборан Жакартада Наманган шарафини ҳимоя қиладилар.
 
Адҳам Эргашев – Ўзбекистон чемпиони, Оғир атлетика бўйича миллий терма жамоа аъзоси:
- Адҳам Эргашев жорий йилнинг апрел ойида оғир атлетика бўйича Урганч шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатининг кумуш медали совриндори бўлди. Шу йилнинг ўзида навбатдаги йирик ғалабаси эришди – Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медал соҳибига айланиб дуёнинг энг кучли атлети номинациясида махсус совринни қўлга киритди. Ўтган, 2017 йили Малайзиянинг Пенанг шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Адҳамжон Эргашев барча рақибларини ортда қолдириб жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди. Ўтказилган мазкур ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида уч медални – иккита олтин ва битта кумуш медални қўлга киритди.
Оғир атлетикада дунё шоҳсупаларига 2014 йил Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар Олимпиадасида бронза медаль билан жойлашишга бошлаган Адҳам, орадан бир йил ўтиб, 2015 йили Польшанинг Вроцлав шаҳрида ташкил этилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 16 ёшда бўлишига қарамай 20 ёшли спортчилар ўртасидаги мусобақада 3 та кумуш медалини қўлга киритган. Малайзиядаги жаҳон чемпионатида эса 2 та олтин, 1 та кумуш ва жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. 2017 йили Америка Қўшма Штатларида катталар ўртасида жаҳон чемпионатида иштирок этиб фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилган ёшлар ва ўсмирлар ўртасида қитъа чемпионатида умумий хисобда 272 кг натижа билан олтин медалга сазовор бўлди ва Осиё чемпионлигини тантана қилди.
Ҳозирда у Жакартадаги Осиё ўйинларида юқори натижаларни қайд этиб ўзининг медаллар коллекциясига яна бир олтин медаль қўшишни ният қилган. Оғир атлетикачимизнинг шундай юқори натижаларга эришишида Янгиқўрғон туман 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийларининг хизмати катта, албатта.
 
 
Мухлиса Абдумаликова – Халқаро тоифадаги спорт устаси, кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси:
- Курашда кураги ерга тегмаган Мухлиса Абдумаликова Янгиқўрғон туманидаги 31-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси. У ҳар бир машғулотларни мураббийи Комилжон Бўтаевдан пухта ўрганди. Тинимсиз курашларда тобланиб, пухта ўрганиши натижасида бир неча бор мамлакат миқёсидаги мусобақалар ғолиби бўлди. Мухлиса 2010 йилдан 2015 йилгача бўлган давр оралиғида миллий кураш, самбо ҳамда дзю-до бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионати, биринчилиги ва кубок мусобақаларида 5 та олтин, 9 та кумуш, 4 та бронза медал шодаларини жамғарган.
М. Абдумаликова халқаро мусобақаларда муносиб ўринларни забт этмоқда. Курашчи қиз 2012 йили Англия давлатининг Борнмут шаҳрида ташкилланган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 2-ўринни эгаллаб, кумуш медали соҳибаси бўлди. 2015 йилнинг ўзида икки йирик даражадаги мусобақа – Италиянинг Рим шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда ва Хитойнинг Тайпей шаҳри мезбонлик қилган Осиё чемпионатида 1-ўрин билан ғолиблик шоҳсупасини эгаллади. Ушбу муваффақиятдан бир йил ўтиб 2016 йил Ҳиндистоннинг Кочи шаҳридаги VIII жаҳон чемпионатида 57 килограмм вазн тоифасида курашган Мухлиса Абдумаликова 1-ўринни эгаллаб, навбатдаги олтин медал соҳибига айланди.
 
 
Умид Комилов – От спорти бўйича Ўзбекистон чемпиони, Миллий терма жамоа аъзоси:
- Етти ёшиданоқ от спорти билан шуғулланишни бошлаган Умид Комилов халқаро ареналарда давлатимиз байроғини баландга кўтармоқда. Спортчимиз ўз йўналишида мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган Ўзбекистон чемпионати кўп карра ғолиби. Республика биринчилиги, кубок мусобақаларида ҳар йили юқори натижаларни қайд этиши давлатимиз шарафини халқаро спорт олмида муносиб ҳимоя қилишига туртки бўлмоқда. Ёш бўлишига қарамай Умиджон 2009 йили спорт устаси, дея эътироф этилган.
Моҳир чавандоз 2016 йил Қирғизистонинг Бишкек шаҳрида конкур бўйича Жаҳон кубоги Марказий Осиё лигаси Гран-присининг соҳиби бўлди. 2017 йили “Йилнинг энг яхши спортчиси” ордерини қўлга киритди.
От спорти бўйича Ўзбекистон термаси вакили У.Комилов 2017 йили Тошкент мезбонлик қилган Ўзбекистон шахсий кубогида 1-ўринни эгаллаб олтин медалга сазовор бўлди.
Ҳамюртимиз Умиджоннинг 2018 йилги натижалари залворли. У пойтахтимиз Тошкентда бўлиб ўтган шахсий-жамоавий Ўзбекистон чемпионатида конкур бўйича навбатдаги 1-ўринни эгаллаб юқори натижани қайд этди.
Жорий йил апрел ойида Тошкентда ўтказилган от спортининг тўсиқлардан от сакратиш тури (конкур) бўйича Жаҳон кубоги Марказий Осиё лигаси саралаш баҳсларининг I босқич мусобақаси ғолиблигини қўлга киритди.
 
 
Мадина Турғунбоева – Спорт устаси, самбо бўйича Республика терма жамоаси аъзоси:
- Мадина Турғунбоеванинг самбода гиламга тушиб курашиши нафақат уни балки биз мураббийларни ҳам завқлантиради, дейди устози Сарвиноз Жўраева. – Боиси у маҳоратли спортчи. Сарвиноз гиламга фақат ғалабани кўзлаб киради. Шунинг учун ҳам курашишдан завқланади.
Наманган туманида улғайиб, вояга етган Мадина Турғунбоева самбо сирларини мураббийи Сарвиноз Жўраевадан қунт билан ўрганди. Машғулотлардаги машаққатлар аста секин унга аввал вилоят сўнг республика мусобақаларида юқори марраларни эгаллашига йўл очди. Бир неча бор Ўзбекистон чемпионатида ғалаба қозонган Мадина “Спорт устаси” унвонига сазовор бўлди. У самбо спортининг Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари сафига қўшилди.
2016 йил Туркманистоннинг Ашхобод шаҳридаги Осиё ҳамда Руминия давлатининг Плоешти шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатларида 3-ўринларни муносиб забт этди. 2017 йил Тошкент шаҳрида Самбо бўйича Осиё чемпионатида кумуш медаль билан тақдирланди. Шу йили Сербия давлатининг Новий Сад шаҳридаги Жаҳон чемпионатида 3-ўрин билан бронза медалига эга бўлди. М.Турғунбоеванинг спортдаги марралари ҳар йили янгиси билан бойиб боради. Ёш самбочи қиз шу йил пойтахтимизда Миллий Олимпия Қўмитаси соврини учун ўсмирлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида ўз вазн тоифасига кўра кескин ва муросасиз баҳсларда биринчи ўринни қўлга киритиб Ўзбекистон чемпионига айланди.
 
 
Самирбек Усманов – Халқаро тоифадаги спорт устаси, Ўзбекистон ва жаҳон чемпиони:
- Трамполиннинг синхрон сакраш бўйича 2012 йилда Чехияда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати, Самирбекнинг халқаро мусобақадаги илк иштироки бўлган. Спортчимиз батутда сакрашни эпчил ва тезкор ҳаракат билан уддалаб мутлоқ ғолибликни қўлга киритди. Жаҳон чемпиони сифатида олтин медалга сазовор бўлганди. Самирбек Усмановнинг бундан олти йил олдин бутун ватандошларини қанчалар хурсанд этган бўлса навбатдаги Жакартада ўтажак Осиё ўйинларида ҳам шундай юқори натижаларни қайд этишини бутун Ўзбекистон, Наманган халқи кутмоқда.
Маҳоратли атлетимиз 2013 йил Португалия ҳамда Болгария давлатларида бўлиб ўтган нуфузли мусобақаларда 2-3-ўринлар билан тақдирланди. 2014 йилги Жаҳон кубогининг Белорусь, Корея, АҚШ давлатларида бўлиб ўтган этапларида бронза медалларга сазовор бўлган. Тинимсиз ҳаракати натижасида 2015 йил Ўзбекистон чемпионига айланди. Шу йили трамполин бўйича Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлган халқаро турнирда муросасиз курашда бронза медали билан қайтди.
2017-2018 йилларда эришган натижаларини алоҳида таъкидлаш лозим. Ўтган йили Озарбайжоннинг Боку шаҳридаги чемпионлик кубогининг ғолиблик шоҳсупасида 3-ўринни эгаллади. Худди шундай нитажани шу йили Португалияда бўлган мусобақада қайд этиб, бронза медалига муяссар бўлди.
У юксак марраларга эришиш учун астойдил машғулотларни олиб бормоқда. Мақсади юртимиз байроғини юқорига кўтариб, олтин медалларини мустақиллик тўйига тўёна қилиш.
 
 
Баҳринисо Бобоева – Ўзбекистон чемпиони, каратэ бўйича Ўзбекистон терма жамоа вакили:
- Каратэ курашларида етти йилдан буён мунтазам Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларининг олтин медалини Баҳринисо Бобоева қўлдан бой бермай келмоқда. Унинг кўп карра чемпионлигига тасанно. Бунда мураббий Абдулло Салимовнинг меҳнатини алоҳида таъкидлаш ўринли.
Умидли каратэчи қизнинг эришган ютуқлари муносиб қадрланиб, вилоят ҳокимининг ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
Мамлакатимиз миқёсидаги ғалабалари уни жаҳон майдонига олиб чиқди. 2013, 2015 йиллардаги Ўзбекистон ва Малайзия Оупен халқаро мусобақаларининг олтин медал соҳиби. Қирғизистон ҳамда Ўзбекистонда 2013-2017 йилларда ўтказилган Марказий Осиё чемпионатининг мутлоқ ғолиби сифатида 1-ўрин олтин медали билан тақдирланган.
Спортчимиз Баҳринисога 2017 йил омадли келди. У Қозоғистонда бўлган Осиё ҳамда Испаниядаги жаҳон чемпионатларида юксак натижаларни кўрсатди. Баҳринисонинг айни шу йилги ғалабалари хронологиясини эътироф этишга арзийди. У шу йилнинг ўзида саккизта йирик халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этди, 1 тадан олтин, кумуш ҳамда бронза медаллари билан юртга қайтди.
Баҳринисо Бобоеванинг 2018 йил бошидан давом этиб келаётган муваффақиятларининг навбатдагиси, албатта Жакартанинг олтин медали бўлишига умид қиламиз.
 Улуғбек РЎЗИМАТОВ

Биз Twitterда