Тошкентда бу сафар қозоқ боксчилардан устун келдик! Марказий Осиё "классикоси" энди Гамбургда давом этади

ФОТО: http://www.uza.uz/
 
“Ўзбекистон” спорт мажмуасида Бокс бўйича Осиё чемпионати финал баҳслари якунланди. Кутилганидек, бу чемпионат Ўзбек бокс мактабининг навбатдаги залворли ютуғи билан ниҳоясига етди.
49 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов, 52 кг. да Жасур Латипов, 56кг. да Муроджон Аҳмадалиев, 60кг. да Элнур Абдураимов, 64 кг.да Иқболжон Холдоров, 69 кг. да Шаҳрам Ғиёсов, 75кг. да Исроил Мадримов, 81кг.да Бектемир Мелиқўзиев, ва 91 кгдан юқори оғир вазнда Баҳодир Жалолов мусобақанинг олтин медалини қўлга киритишди. 10 та вазнда тўққизта олтин медаль – бунақаси ҳали бўлмаган!
91кг. да Санжар Турсунов гарчи ғолиблик нашидасини сура олмаган бўлсада, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Ўзбекистон терма жамоаси барча вазнларда Гамбургда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати лицензиясига эга бўлди!
Бу улкан ютуқдаги энг аҳамиятли хусус шуки, сўнгги йилларда ҳаваскор боксда дунёнинг энг кучли мамлакатлари рейтингини бошқаришни қўлга олган икки қўшни мамлакат – Ўзбекистон ва Қозоғистон қарама-қаршилиги бу сафар юртимиз боксчилари фойдасига ҳал бўлди.
Латипов Азамат Исакуловни, Мадримов Абилхан Аманкулни, Холдоров Бекдаулет Ибрагимовни ярим финалларда мағлуб этишган бўлса, Мелиқўзиев Ерик Алжановни, Ғиёсов Аблайхан Жусуповни, Жалолов Камшибек Конкабаевни финалда енгиб, терма жамоамиз аъзоларининг қозоқ боксчилари устидан мутлақ устунликларини таъминлашди.
Фақатгина 18 ёшлик Турсунов ўз вазнида қозоғистонлик Василий Левитга имкониятни бой берди. Лекин Левит қаршисида дунёнинг манаман деган боксчилари ҳам чорасиз қолишини ҳисобга олганда Санжар Турсунов яхшигина тажриба қозонди ва бу Гамбургда яна Левитга қарши рингга чиқиш керак бўлиб қолса асқотиши тайин.
Гамбургда 25 августдан 3 сентябргача бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига 9 та йўлланмани қўлга киритган қозоғистонлик боксчилар ҳам ўзгача тайёргарлик олиб боришлари аниқ. Қолаверса, Тошкентдаги ўзаро қарама-қаршилик мағлубияти уларни боксчиларимизга қарши бошқача руҳда рингга олиб чиқади. Демак, Гамбург финаллари ўзбек ва қозоқ байроқлари билан ўтади деб умид қилса бўлади. Ишонамиз, Жаҳон чемпионати боксчиларимиз учун бундан-да муваффақиятли якун топади.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда