Россиядан футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионати олиб қўйилади?

Article

WADA (Дунё антидопинг ассоциацияси) мустақил текширув комиссияси раҳбари Ричард Маклареннинг россиялик спортчиларнинг допингдан фойдаланиш даражаси юзасидан ҳисоботининг эълон қилинган иккинчи қисми дунёда шов-шув яратди. Халқаро Олимпия Қўмитаси президенти Томас Бах бу ҳолат унинг кучли таажжубга солганини айтиб, қўшимча иккита комиссия тузилишини ҳамда ҳолатни томонлар иштирокида ўзаро таҳлил қилинишини айтар экан, ундан кейин ХОҚ қўшимча жазо белгилашини таъкидлади.

Яқиндагина Халқаро бобслей ва скелетон қўмитаси Россияни 2017 йил февралга режалаштирилган бобслей ва скелетон бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилганди. WADAнинг ҳисоботи спорт турлари бўйича халқаро қўмиталарнинг Россияга бўлган муносабатини янада салбийлаштириши турган гап. Халқаро Олимпия Қўмитаси бу ҳисобот эълон қилинишидан икки кун аввал барча халқаро федерацияларга Россияда ўтиши белгиланган мусобақалар учун муқобил вариант топишни бошлаш тавсиясини берганди.

Россиялик спортчиларнинг допингдан фойдаланиши тўғрисида маълумотлар пайдо бўлиб, турли спортчилар халқаро спорт мусобақаларидан, хусусан, 2016 йилги Рио-де-Жанейро Олимпиадасида қатнашишдан четлатилгач, жаҳон жамоатчилиги диққат-эътибори ФИФАга қаратилди. Чунки футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионатини Россиядан тортиб олиш масаласи ҳали допинг мавзуси очилмасдан туриб бошланганди. Лекин, ФИФАдаги коррупцияга оид айбловлар ўз исботини топмаганди. 2014 йили Украинадаги тўполонлар ва Қрим ҳамда Севастополнинг Россия таркибига кириши муносабати билан яна Россиядан ЖЧ-2018ни олиб қўйиш кун тартибига чиққанди. Иккинчи уриниш ҳам самарасиз якунланганди, лекин WADAнинг ҳисоботи бу мавзуни яна долзарбликка олиб чиқиши кутилмоқда.

Россияни шунчаки жаҳон чемпионатидан маҳрум қилиб бўлмайди. Лекин Халқаро Олимпия Қўмитасига йирик ҳомийлар орқали босим ўтказиб, Россияни ХОҚ аъзолигидан чиқаришга эришилса, унда жаҳон чемпионати ўз ўзидан бошқа мамлакатга кўчирилади.

Агар 2018 йилги жаҳон чемпионати Россиядан олиб қўйиладиган бўлса, уни ўтказишга асосий ва ягона даъвогар Америка Қўшма Штатларидир. Чунки, Осиё, Африка ва Америка қитъасидаги бошқа давлатлар бу қадар қисқа муддатда инфратузилмани тайёрлай олмайдилар, ўтказиш имконияти мавжуд бўлган Европа давлатлари эса молиявий инқирозни бошдан ўтказаётганликлари учун бундай тезкор харажатларни қабул қилишмайди. Ўзи бошидан бери Россиядан бу мусобақани турли йўллар билан олиб қўйишга уринаётган ҳам АҚШ эканини, турнирнинг энг катта ҳомийлари ҳам шу мамлакатнинг компаниялари эканини назарда тутсак, бу вариантнинг энг асосий эканини тушуниб етамиз.

ЖЧ-2018нинг саралашига Россия сари йўл олиш нияти билан кирган Ўзбекистон терма жамоаси агар мақсадимиз амалга ошиб, Осиё саралаш гуруҳидан чиқа олса, финал қисмига қаерга бораркин...?

Дилмурод Жумабоев