"Навбаҳор" янгиланган таркибда мавсумни бошламоқда

 
Футбол бўйича Ўзбекистон XXVI миллий чемпионати олий лига ўйинлари cтарти олдидан “Навбаҳор” клубининг янги мавсумдаги тақдимот маросими ўтказилди.
Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳ мажлислар залида бўлиб ўтган тадбирда “Навбаҳор” жамоаси мутасаддилари, мураббийлар, футболчилар, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят футбол федерацияси раҳбари Хайрулло Бозоров миллионлар ўйини ихлосмандларини баҳор фаслининг қўшалоқ аёмлари билан қизғин табриклади. “Навбаҳор”ни Ўзбекистон миллий чемпионати бошлангандан буён олий лигада ҳар йили мунтазам қатнашиб келаётган учта жамоадан бири эканини эътироф этиб, жамоа аъзолари олдида турган масъулиятли вазифалар хусусида фикр юритди. Хусусан, клубга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлардан келиб чиқиб, мураббий ва футболчиларга “Навбаҳор”нинг аввалги шон-шуҳратини тиклаш лозимлигини таъкидлади.
Айтиш жоизки, “элита”даги мавқеини сақлаб қолган “Навбаҳор”чилар янги мавсумга Илҳом Мўминжонов мураббийлигида муносиб тараддуд кўрдилар. Жамоага хорижий легионерлар ва бир қатор тажрибали футболчилар жалб этилиб, совринли ўринлар учун кураш олиб борадиган кучли таркиб шакллантирилди. Рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида “Лочинлар” сафига Неманья Йованович (“Қизилқум”), Дарко Станоевич (“Пови Пазар”, Сербия), Ойбек Қиличев (“Перак”, Малайзия), Мансур Саидов, Жаҳонгир Меҳмонов (“Нефтчи”), Темур Толипов (“Пахтакор”), Асилбек Омонов (“Бухоро”) сингари моҳир ўйинчилар таклиф қилинди. Шунингдек, клубда мамлакатимизнинг тажрибали мутахассисларидан бири Владимир Андреев катта мураббий, “сеҳрли таёқча” номи билан машҳур бўлган яқин ўтмишнинг таниқли собиқ ҳужумчиси, тўрақўрғонлик Анвар Солиев спорт директори сифатида фаолият юритишади.
Тақдимотда мавсумлар оралиғида жамоага келиб қўшилган, жамоа шарафини ҳимоя қиладиган 18 нафар футболчига “Навбаҳор” либослари тантанали тарзда топширилди. Мураббийлар штаби таркибни танлашда ҳар бир чизиқда муносиб тўп сурадиган номзодларни танлашга алоҳида эътибор қаратишди.
Маросимда севимли жамоамиз бош мураббийси Илҳом Мўминожонов, жамоа сардори Дилшод Жабборов сўзга чиқиб, футболнинг оммавийлигини ошириш, “Навбаҳор”ни қўллаб-қувватлашга яқиндан ғамхўрлик қилинаётгани учун давлатимиз раҳбарияти, вилоят ҳокимлигига миннатдорчилик билдирдилар. Янги мавсумда бир тану бир жон жамоа бўлиб, чиройли ва мазмунли ўйин намойиш этиш, билдирилган ишончни оқлаш ва шу орқали мухлисларга кушкайфият улашишга ваъда берилди.
Тақдимот маросимида Наманган шаҳар ҳокими, “Навбаҳор” клуби раҳбари Баҳодир Бекхўжаев иштирок этди.
Маълумот ўрнида, “Навбаҳор” 2017 йилги мавсумнинг биринчи учрашувини бугун (3 март, шанба) ўз майдонида Тошкентнинг “Обод” клубига қарши ўтказади. Барча футбол шайдоларини “Навбаҳор”ни қўллаб-қувватлашга чорлаймиз!
Оқилхон ДАДАБОЕВ

Биз Twitterда