Наманганлик каратечилар Токио Олимпиадаси олтин медалларини кўзлашмоқда

 
Ўтган 2017 йил Наманган вилояти каратэ усталари учун унутилмас ва салмоқли натижаларга бой келди. Иқтидорли шарқона яккакураш усталари томонидан республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда 34 та олтин, 27 та кумуш, 14 та бронза, жами 75 та медаль қўлга киритилганини эътироф этиш жоиз. Йил давомида ўтказилган Осиё чемпионати ҳамда бир қатор халқаро турнирларда Баҳринисо Бобоева, Бахтиёр Раҳмонов, Мафтуна Исоқова, Бунёд Ваҳобов каби каратэ юлдузлари ғолиб-совриндорлар қаторидан жой олдилар.
Жумладан, ўтган йилнинг сарҳисоб турнири сифатида пойтахтимиздаги “Универсал” спорт саройида ўтказилган каратэ (WKF) бўйича ёшлар ўртасидаги V Марказий Осиё чемпионатида ҳам Наманган вакиллари нималарга қодир эканларини кўрсатиб беришди.
Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Афғонистон спортчилари иштирок этган халқаро мусобақада маҳоратини намоён этган Баҳринисо Бобоева барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди. Чемпионатда финалгача бўлган жангларни ғалаба билан якунлаган Мафтуна Исоқова ва Дилшода Собирова кумуш медалга муносиб деб топилди. Аҳрор Низомбоев ва Моҳларойим Абдуллаевага эса бронза медаллари насиб этди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Наманган вилояти шаҳар ва туманларида каратэ бўйича 10 та спорт клуби фаолият юритиб келаётган бўлиб, унда 700 нафарга яқин ўғил-қиз 22 нафар малакали мураббий қўл остида спортнинг ушбу тури билан мунтазам шуғулланмоқда.
- Янги 2018 йил бизнинг олдимизда масъулиятли мусобақалар, юксак марраларни забт этиш вазифаси турибди, - дейди Наманган вилояти каратэ миллий федерацияси раҳбари, мамлакат миллий терма жамоаси катта мураббийси Аюбхон Тошбоев. – Асосий эътиборимиз шу йилнинг ёз фаслида Аргентинанинг Буенос-Айрес шаҳри мезбонлик қиладиган III ўсмирлар Олимпиадасига тайёргарлик кўришга қаратилган. Мазкур нуфузли мусобақага вилоятимиздан лицензияни қўлга киритиш учун асосий номзод сифатида кўрилаётган Моҳларойим Абдуллаева, Бекзод Исоқжонов сингари шогирдларимиздан умидимиз катта.
Дарвоқе, 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларида тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси тарихида биринчи маротаба каратэ бўйича баҳслар ўтказилади. Наманганлик каратэчиларининг асосий мақсади эса “Токио-2020” Олимпиадасида олтин медалларни қўлга киритиш учун замин ҳозирлашга қаратилган.
Оқилхон ДАДАБОЕВ

Биз Twitterда