Мустақил Ўзбекистонни дунёга энг кўп танитган бокс бўлди

 
Бугун дунёнинг исталган нуқтасига бориб, исталган шахсга “Ўзбекистон деганда хаёлингизга келадиган учта сўз қайсилар?” деган саволни беринг, ҳар қандай уч сўздан бири бокс бўлади, шубҳасиз.
Ўзбекистон деган муқаддас номни дунёнинг етти қитъасида шараф билан муттасил тилга олинишига эришган, юртимиз байроғини ҳилпирашига, озодлик мадҳиямиз баралла янграшига сабаб бўлган боксчиларимиз ҳар қандай таҳсинга лойиқ.
Бугунги кунда ўзбекнинг мард ўғлонлари жаҳон рингларида манаман деган боксчиларни беллашув бошламасидан аввал оёғини титраттириб, ичига қўрқув солаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Спортчиларимизнинг ғалабали онларига сиртдан бўлса ҳам гувоҳ бўлиш учун тунлар бедор телевизор қаршисида ўтира бошлаганимизни беихтиёр эътироф эта бошладик. Биз боксда дунёнинг энг кучлиларидан бирига айландик!
Ўтган йилги Рио-2016 Олимпиадасини бир эсланг... Қачон шунчалик ватанпарварлик ҳисси кучайган Ўзбекистонда?! Миллатнинг 32 миллион вакили жипслашди боксчиларимиз ғалабалари туфайли. “Умримда бокс кўрмагандим, лекин телевизор қаршисида ўтириб, йигитларимизнинг ғалабасидан сўнг, беихтиёр кўзимдан севинч ёшлари чиқиб кетганини пайқамай қолибман” деган оналар, “кечаси финалда ғалаба қозонгандан кейин Ўзбекистон, Ўзбекистон деб ҳайқирган боксчимизга ҳавас қилиб, эртаси ўғлимни бокс мактабига етаклаб бордим” деган оталар, “Умримда ҳеч қачон йиғламагандим, олтин медал олган Фазлиддин ҳам йиғлади, ҳам йиғлатди” деган эр йигитлар...
Ҳақиқатдан ҳам, 2016 йилги Олимпиада бошқача бўлди. Ўзбекистон Ҳасанбойлари, Фазлиддинлари, Шаҳобиддинлари ва бошқа ринг арслонлари  дунёнинг зўрларини пийпалаб, эзғилаб ташлади. ФҲДЁ бўлимларига статистик маълумот учун мурожаат қилинг, 2016 августдан кейин туғилган ўғил болаларнинг аксари Хасанбой, Фазлиддин, Шаҳрам, Бектемир, Муроджон, Шаҳобиддин.. эканини кўрасиз. Ўзбек халқи ўз қаҳрамонлари билан ифтихор этишни бошлади.
Апрелда Тошкентда Осиё чемпионати бўлди. Тўққиз олтин медални илиб қўйди миллатининг, Ватанининг кўксига боксчиларимиз. Осиёда Ўзбекистон деганда бошқа давлатларнинг мураббийлари қалбига ваҳима тўла бошлади. Йигитларимизга қарши беллашувда омад ҳам, тактика ҳам, маҳорат ҳам, куч ҳам ёрдам бермай қўйди. Америка ўзининг баскетбол терма жамоасини Dream Team, яъни Хаёл жамоаси деб атайди. Бизникилар боксда бундан-да юқори эътирофга лойиқлигини билсакда, биз ҳали бунчалик йигитларимизни эркаламадик.
Августда Гамбургда бўлган жаҳон чемпионатида, бизнинг мард ўғлонларни ҳалол енгадиган йўқлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Ноҳалол натижалар ундан манфаатдорлар учун нима берди, бизга ноаён. Лекин, ҳали нима кўп, беллашув кўп, турнир кўп, чемпионат кўп. Бурнидан чиқарамиз ноҳалоллик билан эришган “ютуқларини” ҳали...
Бугун ҳар биримиз боксчиларимизнинг ўндан бири қадар Ватаннинг номини танита олсайдик, бугун дунё Ўзбекистон деганда оёққа турарди...
Ўзбекистонга шундай буюк ғалабалар туҳфа этиб турган боксчиларга, унинг мутасаддиларига, бу спорт турининг ривожи учун жон куйдираётган фидойиларга минг бор раҳмат айтгинг келади. Бир томондан ички бир қўрқув ҳам бор, Ўзбекистонда нима яхши бўлса, уни ёмонлашга уринаётган ғаламислар, яхши кунларимизни кўра олмайдиган аламзадалар боксимизга лой чаплашга, уни номини  қоралашга уринмасинлар-да...
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда