Мессининг 6 ёшли афғонистонлик мухлиси Муртазо Аҳмадий кумири билан Қатарда учрашди

Аргентина терма жамоаси, “Барселона” футболчиси Лионель Мессининг майкасини полиэтилен пакетдан ясаб кийган 6 ёшли, афғонистонлик Муртазо Аҳмадий кумири билан Қатарда учрашди, деб хабар берди “Тjournal.ru” нашрига асосланиб "Даракчи". 

2022 йилда Қатарда ўтказилиши режалаштирилган футбол бўйича жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси Мессининг бола билан учрашгани акс этган видеони намойиш қилди. Учрашув Қатар пойтахти Доха шаҳрида “Барселона”нинг маҳаллий клуб вакиллари билан ўртоқлик учрашуви ўтказаётганида бўлиб ўтди. 

Муртазо Аҳмадий нафақат Месси билан учрашди, балки у билан бирга майдонга чиқди. “Қатар-2022” ташкилий қўмитаси БМТнинг қочоқлар иши билан шуғулланувчи (UNHCR) агентлигига учрашувни ташкил этгани учун ўз Твиттерида миннатдорчилик билдирди.

Муртазо Аҳмадийнинг Мессининг майкасини полиэтилен пакетдан ясаб кийган сурати 2016 йилнинг январь ойида Интернетда машҳур бўлган эди. Февраль ойида Месси болакайга дастхат қўйган ҳолда ҳақиқий Аргентина футбол терма жамоасининг майкасини юборди. Ўшанда Афғонистон футбол федерацияси Муртазога Месси билан учрашув ташкил этишга ваъда берган эди.

Бу воқеадан кўп ўтмай,  Муртазонинг отасига толибонлар “Нима учун ўғлинг “Қуръон” ўқишнинг ўрнига футбол ўйнаяпти?” деб таҳдид қилгандан кейин у ўғлини ўйлаб, Афғонистондан Покистонга кўчиб кетишга мажбур бўлгани маълум бўлди.