МДҲ мамлакатлари миллий спорт ўйинлари фестивалида Ўзбекистондан 24 спортчи иштирок этади

foto: http://sytomino.ru
12 август куни Россиянинг Ульяновск шаҳрида МДҲ мамлакатлари миллий спорт ўйинлари биринчи фестивали бошланади. 16 августгача давом этадиган бу халқаро спорт анжуманида МДҲга аъзо 10 мамлакат – Арманистон, Беларус, Молдова, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистон вакиллари иштирок этадилар.
Иштирокчилар арқон тортиш, самбо, белбоғли кураш, шашка, тош кўтариш, камондан ўқ отиш, чим хоккейи, мас-рестлинг (таёқ тортиш), городки ва лапта ўйинлари бўйича куч синашадилар.
Россия спорт вазирлиги, МДҲ Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик фонди, Ульяновск вилояти ҳукумати ҳамда Ульяновск вилояти жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ташкил этилаётган ушбу халқаро ўйинларнинг расмий очилиш маросими 12 август куни бўлиб ўтади.
Vodiymedia.uz’нинг фестиваль ташкилий қўмитасидан олган маълумотларига кўра, МДҲ мамлакатлари миллий спорт ўйинлари биринчи фестивалида Ўзбекистондан 24 спортчи иштирок этади. Асосан кураш ва самбо бўйича вакилларимиз қатнашиши кутилмоқда. Энг қизиқарлиси, ёқут миллий спорт тури ҳисобланган мас-рестлинг (таёқ тортиш) мусобақасида Ўзбекистондан оилавий гуруҳ қатнашади: ота – мураббий сифатида, ўғил эса – иштирокчи.
Фестиваль доирасида спортчилар учун мусобақалардан ташқари 30 га яқин турли маданий-кўнгилочар тадбирлар ҳам режалаштирилган.

Биз Twitterда