Йилига 1 миллион доллардан камига ишламайдиган Шотани "Пахтакор"га Алишер Усмонов олиб келдими?

 
Апрель ойида Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси акцияларини миллиардер Алишер Усмонов сотиб олгани ҳақида хабар тарқалганди. Бироқ кейинчалик бу хабар “Пахтакор” раҳбарияти томонидан инкор этилганди.
Аммо жамоада сўнгги ойларда бўлаётган янгиликлар клуб ҳиссадорлари орасида янги фигураларнинг пайдо бўлганини кўрсатмоқда. Тошкентдаги “Пахтакор” стадиони қайта таъмирланиши, тўла футболга мосланиши ҳақидаги хабар ортидан Шота Арвеладзенинг клуб билан икки йиллик шартнома имзолагани эълон қилинди.
“Пахтакор” жамоасидан Самвел Бабаяннинг кетишининг ўзи катта янгилик ва бу ҳолат раҳбариятдаги ўзгаришларнинг яққол исботи бўла олади. Шотанинг келиши эса Ўзбек футболига катта сармоя кирганини кўрсатмоқда. Чунки: 2015 йил ёзида Туркиянинг “Трабзонспор” клуби билан икки йиллик шартнома имзолаган Шота Арвеладзенинг йиллик маоши 1 миллион 200 минг евро этиб белгиланганди.
Ўтган йилнинг ёзида эса Исроилнинг “Маккаби” (Тел-Авив) жамоаси билан шартномага имзо чеккан Шота бир йилга 800 минг евро олиши эълон қилинганди.
Энди, ўйлаб кўрайлик, биздан анча кучли лигалардан талаб етарли бўлган ва “Пахтакор”дан анча кучли клубларда йилига энг камида 1 миллион доллардан шартнома имзолаган Шота ундан камига Ўзбекистонга келадими?
Ортидан навбатдаги савол туғилади: Йилига мураббийга шунча тўлаган “Пахтакор” мавжуд футболчилари билан ундан натижа талаб қила оладими? Демак, навбатда йирик трансферлар! Бу ҳам ўз навбатида навбатдаги миллионлаб долларларни ташкил этади.
Хўш, бу харажатларни амалга ошираётган Алишер Усмоновми? Агар Усмонов бўлмаса, ўзбек футболига бундай катта сармоя киритаётган ким? “Пахтакор” буни қачон очиқлаб беради?
Футболимизга бироз ойдинлик киритиш даври келгани аён бўлиб қолди.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда