Дунёнинг энг кучли машина ювувчиси: ўзбекистонлик Шер Мамазулунов кикбоксда жаҳон чемпиони бўлди!

Photo: https://www.tatar-inform.ru
 
Ўзбекистонлик Шер Мамазулунов, Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган TNA қоидалари бўйича X жаҳон кикбокс чемпионатида зафар қучиб, олтин медални қўлга киритди.
Энг қизиғи, 22 ёшли ҳамюртимиз Москва яқинидаги Химки шаҳарчасида тунда машина ювиш билан шуғулланиб, кундузи Москвадаги жанг клубида бўлиб ўтадиган машғулотларга қатнаб келади. Тўрт йил аввал ишлагани Россияга йўл олган Мамазулунов, Ўзбекистонда кикбокс билан жиддий шуғулланганлиги боис, спортни ташлашни хоҳламайди. Шу сабабдан машғулот ўтказишга ҳалақит бермайдиган иш қидирган Шер, аввал қоровул бўлиб ишлаб кўради, кейин эса машина ювиш шохобчасига ишга киради.
Аввалига ҳаваскорлар ўртасида Москва шаҳар кикбокс чемпионатида иштирок этган Мамазулунов, кейинчалик 2014 йилдан профессионал жангларини бошлайди...
Ўтган йили, 2016 йилги TNA қоидалари бўйича жаҳон кикбокс чемпионатида тасодифий иштироки ҳам юксак спорт иродасига берилган бир туҳфа бўлди десак адашмаймиз. Мусобақада қатнашиши керак бўлган марокашлик спортчи турнирга келолмагач, унинг ўрнига қатнашчи қидирган ташкилотчилар, мусобақадан бор-йўғи уч кун олдин Мамазулунов билан алоқага чиқишади. Дастлабки беллашувда ғалаба қозонган Шер, иккинчисида мағлуб бўлади. Бундай мусобақалардан тажриба йўқлиги ўзини кўрсатди...
Бу йил эса ҳаммаси ўзгача бўлди. Қозондаги Татнефт Аренада бўлиб ўтган TNA қоидалари бўйича жаҳон кикбокс чемпионати Мамазулуновнинг бенефисига айланди. Финалда россиялик машҳур кикбокчи Дмитрий Меньшиковни катта устунлик билан енгган Шер, жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди...
 

Биз Twitterда