Дунё гимнастика юлдузлари Тошкентда

 

Спортнинг энг гўзал, нафис тури мухлисларининг эътибори шу кунларда пойтахтимизга қаратилган. Тошкентда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи мусобақаси бошланди. 
 

Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси, Халқаро гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда Ўзбекистон, Арманистон, Австралия, АҚШ, Беларусь, Болгария, Грузия, Индонезия, Испания, Исроил, Латвия, Норвегия, Россия, Словения, Таиланд, Финляндия, Швейцария, Эстония, Япония ва Қозоғистон каби давлатлардан юзга яқин гимнастикачи ўзаро баҳслашмоқда. 
Тошкентдаги Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактаби томошабинлар ва хорижлик меҳмонлар билан гавжум. 21 апрель куни мазкур мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 
– Мамлакатингизда ўтказилаётган мазкур мусобақа ҳар жиҳатдан юксак савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидламоқчиман, – дейди Настасья Генералова (АҚШ). – Улкан спорт саройида ўз маҳоратимни намойиш этаётганимдан беҳад бахтиёрман. 
– Мусобақа жараёнини кузатар эканман, Ўзбекистонда иқтидорли спортчи қизлар кўплигига гувоҳ бўлдим, – дейди ҳакам Моника Форние (Испания). 
Жаҳон кубоги босқичида тажрибали гимнастикачиларимиз Сабина Тошкенбоева ва Анастасия Сердюкова мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Гуруҳ баҳсларида Ксения Александрова, Сафия Бозорова, Алина Қосимова, Динора Равшанбекова, Комилабону Рустамова, Гўзал Раймановадан иборат гуруҳ иштирок этмоқда. 

Биз Twitterда