Дўсматов, Мелиқўзиев ва бошқа Ўзбек бокси юлдузлари Россияда рингга чиқади!

 
Бугун Россиянинг Ханти-Мантийск мухтор округида, Белоярск шаҳрида бокс бўйича XV Нефть мамлакатлари жаҳон кубоги бошланмоқда.
Сибирда биринчи марта нефт топган Фарман Салманов хотирасига бағишлаб ўтказиладиган бу нуфузли халқаро бокс турнири, йилдан йилга тобора кучли боксчилар иштирокида ташкил этилмоқда.
22-27 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган бу йилги кубок баҳсларида Россия, Украина, Қозоғистон ва Озарбайжон каби дунё ҳаваскор боксининг кучли мамлакатлари, Арманистон, Белорусь, Бельгия, Латвия, Литва, Молдавия, Монголия, Польша, Руминия, Швеция, Қирғизистон, Тожикистон ва Хорватия терма жамоаларининг энг кучли бокчсилар иштирок этишади. Ринг эгалари – россияликлар ҳар доимгидай икки таркиб билан иштирок этишади (Россия ҳамда Ханти-Мантийск мухтор округи терма жамоалари)
 
 
Албаттаки, бу турнирга зеб берган энг асосий хусус – Хасанбой Дўсматов, Жасурбек Латипов, Иқболжон Холдоров, Исроил Мадримов, Бектемир Мелиқўзиев ва Санжар Турсуновдан иборат Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг иштирокидир.
Терма жамоасимиз турнирга Равшан Хўжаев ва Зиятдинбек Тойғонбоев мураббийлигида жўнаб кетди.
Эркаклар кубок баҳсларида 49 кг., 52 кг., 56 кг., 60 кг, 64 кг., 69 кг., 75 кг., 81 кг., 91 кг., +91 кг, жами ўнта вазнда беллашишади. Аёллар мусобақасида эса 51 кг., 54 кг., 60 кг. ва 75 кг, жами тўртта вазнда қатнашчилар рингга кўтарилишади.
 
 
Бокс юлдузлари – Рио олимпиадаси ва Осиё чемпиони Хасанбой Дўсматовнинг, Олимпиада кумуш ва жаҳон чемпионати бронза медаллари соҳиби, Осиё чемпиони Бектемир Мелиқўзиевнинг, Осиё чемпионлари ва жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиблари Жасурбек Латипов ва Иқболжон Холдоровларнинг, Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари кумуш медали соҳиби Исроил Мадримовнинг, жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби, ёш истеъдодли Санжар Турсуновнинг иштироки турнирга жуда кўплаб янги ишқибозларни жалб этгани ташкилотчилар томонидан эътироф этилмоқда. “Олимпиада чемпион ва совриндорлари, қитъалар чемпионлари, жаҳон биринчилиги совриндорларига қарши курашда ҳеч кимга осон бўлмайди” дейди Югра (Ханти-Мантийск) бокс федерацияси ижрочи директори Рамиз Гадиев.
Қолаверса, Исроил Мадримов ва Иқболжон Холдоровлар 2016 йил декабрда Нижневартовск шаҳрида ўтказилган бокс бўйича XIV Нефть мамлакатлари жаҳон кубогида олтин медалларни қўлга киритишганди. Ўшанда бу икки боксчимиздан ташқари, Мироншох Иброҳимов  кумуш, Миразизбек Мирзахалилов ва Улуғбек Мубиновлар бронза медали соҳиби бўлишганди. 
Қолган мамлакатлар боксчилари орасида Рио олимпиадаси совриндори Эвальдас Петраускас (Литва), ҳамда жаҳон ва Европа чемпионатлари медаллари соҳиби Сергей Корнеев (Беларусь) каби таниқли спортчиларни ҳам учратиш мумкин.
Бугун, 22 ноябрь куни барча қатнашчилар чартер сафар билан Москвадан Белоярскка учиб келишди. Рўйхатдан ўтилгандан сўнг, вазн тортиш жараёни бўлиб ўтди. Кечга томон қуръа ташланади. Эртага эса боксчилар рингга кўтарилади.
Йигитларимизга омад тилаб қоламиз!

Биз Twitterда