Бўлғуси Олимпиада чемпионлари Наманганда гиламга чиқдилар

 
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида болалар ўртасида миллий кураш бўйича “Полвонжон” республика очиқ турнири бўлиб ўтди.
Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, вилоят кураш федерацияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ўтказилган ушбу мусобақада 2005 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдаги 160 нафар ёш ўғил-қиз гиламга чиқди.
Қизиқарли кечган беллашувларда вилоятимиз шаҳар ва туманлари, Фарғона водийси, Бухоро вилоятидан бир қатор иқтидор соҳибларини кашф этилди. Табиийки, мураббийлар назарига тушган бу бўлажак спортчилар келгусида республика ва халқаро мусобақаларда қатнашиши учун танлаб олинади.
Болажонларни спортга ошно этиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий қадриятларимиздан саналган курашга бўлган меҳр-муҳаббатни уйғотиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган мусобақада 15 килограммдан +40 килограммгача бўлган 24 та вазн тоифасида ғолиблар аниқланди.
Турнир натижаларига кўра, Наманган шаҳридан Достон Ғуломжонов, Шукрона Баҳодирова, Саида Каримжонова, Тўрақўрғон туманидан Саидакбар Зокиржонов, Чуст туманидан Жасур Тўйчиев, Дилнавоз Солижонова, Янгиқўрғондан Муҳаммадолим Бегалиев, Рухшона Абдуллажонова, Наманган туманидан Рислиқой Тоҳирова, Бухоро вилоятидан Муҳаммадали Келдиёров, Паризода Юнусова каби умидли полвонлар ўз вазн тоифаларида ғолиб сифатида эътироф этилдилар.
Республика турнирининг тантанали ёпилишида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг Наманган вилоятидаги вакили Шокиржон Қорабоев, вилоят кураш федерацияси ижрочи директори, ЎзМТДП фаоли Муҳаббат Кошевалар ғолиб-совриндорларга диплом, медаллар, эсдалик совғаларини топширдилар.
Оқилхон ДАДАБОЕВ

Биз Twitterда