2017 йил сарҳисоби: Дунё бокси шоҳсупаси Ўзбек боксчиларидан ортмади

 
2017 йил Ўзбек бокси тарихида энг зафарли йиллардан бири бўлди. 2016 йилнинг ютуқларидан ҳали ўзимизга келиб улгурмадик эканмиз шекилли, боксчиларимизнинг ғалаба устига ғалабаларини бўлиши керакдай қабул қилдик. Сарҳисоб қиладиган бўлсак, юртимиз боксчилари бу йил Ўзбекистон байроғини дунё узра энг кўп кўтаришга эришган, мадҳиямизни турли халқлар мухлислари жўрлигида янграшини таъминлаган қаҳрамонларимиз бўлишди.
2017 йил боксчиларимиз учун Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги ютуқлар сари илҳомлантирувчи совғаси билан бошланди. Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси Бош Ассамблеясида Рио-2016 Олимпиадаси чемпионлари –Хасанбой Дўсматов, Шахобиддин Зоиров ва Фазлиддин Ғоибназаров ўзларининг Олимпиада ғолиби бўлган онларида кўринишлари тасвирланган, бронзадан қуйилган ҳайкалчаларни Бош Вазир Абдулла Орипов қўлидан олишди. Балкида давлат раҳбари томонидан бу юксак эътибор, нафақат бу уч чемпионга, қолган барча ўзбек чарм қўлқоп усталарига ҳам куч-қувват, жасорат бахш этди.
 
 
Январь футболчилар учун дам олишдан иборат бўлади. Ўзбек боксчилари эса йилнинг биринчи ойидан юртимиз шарафини халқаро рингларда муваффақият билан ҳимоя қилишга бошлашди. Айнан шу ойда, Россиянинг Оренбург шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасида халқаро турнирда ўзбек ёш бокс усталари 7 та медални қўлга киритишди. 49 кгда Хасанбой Дўсматовнинг йўлини қайтаришни ният қилган Худойназар Файзов олтин медал билан уйга қайтган бўлса, жамоадошлари яна икки кумуш ва тўрт бронза медални қўлга киритишди.
 
 
Апрелнинг дастлабки кунларида эса Таиланд пойтахти Бангкокда «Thailand Invitation International Boxing Tournament 2017» халқаро нуфузли мусобақаси бўлиб ўтди. Ушбу турнир, Исроил Мадримовнинг олтин, Хасанбой Дўсматов, Шаҳрам Ғиёсов ва Эльнур Абдураимовнинг кумуш, Жасурбек Латипов, Зоиров Шахобиддин ва Муроджон Ахмадалиевнинг бронза медаллари билан якунланди. Энг қизиғи, Тошкентда бўладиган Осиё чемпионати олдидан ўз шогирдларини аяган терма жамоамиз мураббийлари тавсияси билан Хасанбой Дўсматов ва Шаҳрам Ғиёсов финалгача етиб боришганига қарамай, сўнгги беллашувда рингга чиқишмади.
 
 
30 апрель  -  7 май кунлари Тошкентдаги "Ўзбекистон" спорт мажмуасида бўлиб ўтган бокс бўйича Осиё чемпионати Ўзбекистон бокс терма жамоасининг мутлақ ғолиблиги билан якунланди.
 10 та вазн тоифасида бўлиб ўтган чемпионатнинг 9 вазнида олтин медал соҳиби бўлган йигитларимиз, Осиёда янги рекорд қайд этдилар
 
 
Ҳасанбой Дўсматов, Жасур Латипов, Муроджон Аҳмадалиев, Элнур Абдураимов, Иқбол Холдоров, Шаҳрам Ғиёсов,  Исроил Мадримов, Бектемир Мелиқўзиев ҳамда Баҳодир Жалолов бирин-кетин ўз беллашувларида ғалаба қозонишди.
Дўстматов Осиё чемпионатининг энг яхши боксчиси сифатида тан олинди.
 
 
Осиё чемпионатида шу вақтгача ҳеч қайси терма жамоа 9 та олтин медалларини қўлга киритмаган. Жанубий Корея терма жамоасининг 8 та олтин медал рекорди Ўзбекистон ҳали Осиё мусобақаларига қатнашмаган пайтда бўлган эди.
12-22 май кунлари Озарбайжон  пойтахти Бокуда бўлиб ўтган IV Ислом ҳамжиҳатлик ўйинларидаги боксчиларимизнинг иштироки Ўзбек боксининг юқори савиясини яна бир бор намойиш этди.
Абдулҳай Шораҳматов (56 кг), Алиёр Норалиев (64 кг) ҳамда Бобо-Усмон Батуров (69 кг) рақибларини бирин-кетин мағлуб этиб, шоҳсупанинг энг юқори чўққисига кўтарилишди. Мироншоҳ Ибрагимов ва Аброржон Қодиров эса бронза медалларини қўлга киритишди.
 
 
Боксчиларимизнинг Боку рингидаги зафарлари ҳақида материал тайёрлаган дунёнинг энг йирик ахборот агентликларидан бири Франс-Пресс ўз хабарини “Ўзбек боксчилари Ҳамжиҳатлик ўйинларида лол қолдиришмоқда” деб номлаганини юртимиз бокс мактабининг халқаро миқёсда яна бир юксак эътирофи сифатида кўриш мумкин.
Июль ойида яна бир эсда қоларли мусобақа бўлиб ўтди. Таиландда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ёш чарм қўлқоп усталаримиз акаларидан қолишмасликка ҳаракат қилишди ва якунда 10 вазннинг тўққизтасида медалларни қўлга киритишди.
 
 
Самандар Холмуродов, Фаррух Илхомов, Ражаббой Отаназаров, Роримша Профсор ва Лазизбек Муллажоновлар қитъада тенгсиз эканликларини исботлаб, чемпионлик медали билан Тошкентга қайтишди.
 
 
Гамбург. Шаҳрам Ғиёсовнинг олтин медали, Ҳасанбой Дўстматов, Жасурбек Латипов ва Иқболжон Холдоровларнинг олтинга тенг кумуш медали, Бектемир Мелиқўзиев ва Санжар Турсуновларнинг бронза медаллари эвазига Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди. Ушбу натижаси эвазига терма жамоамиз жаҳон чемпионатини умужамоа ҳисобида Кубадан кейин фахрли иккинчи ўринда якунлади ва бу борада ўзининг барча жаҳон чемпионатларидаги натижасини яхшилашга эришди.
Жаҳон чемпионати якунидан сўнг, Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (AIBA) дунё бокс ишқибозлари ўртасида Жаҳон чемпионатининг энг яхши боксчисини аниқлаш бўйича сўров ўтказди.
Сўровга 2017 йилги жаҳон чемпионларидан энг кучли тўрттаси танлаб олинди.
Овоз беришда иштирок этганлардан 56 фоизи Шаҳрам Жаҳон чемпионатининг энг яхши боксчиси бўлганини эътироф этди. Хулио Сесар ла Крус 15%, Софьян Умиа 12%, Александр Хижняк эса 17% ишқибозларда яхши таассурот қолдиргани маълум бўлди.
Сўров натижалари эълон қилинди: Шаҳрам Ғиёсов 2017 йилги Жаҳон чемпионатининг энг яхши боксчиси деб топилди!
Бу Ўзбек боксининг яна бир катта халқаро миқёсдаги ютуғи бўлди! 
Сўнгги йилларда ўз тараққиётида катта сакрашга эришган Ўзбек боксида, йигитларимизнинг зафарли юришлари, оламшумул ғалабалари ёнига аёллар ва қизларимизнинг ҳам халқаро бокс майдонидаги йирик муваффақиятлари қўшилмоқда.
2-8 ноябрь кунлари Вьетнам пойтахти Хошиминда аёллар ўртасида бокс бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. +81кг вазн тоифасида жангларда иштирок этган боксчимиз Гўзал Исматова ҳал қилувчи тўқнашувда вьетнамлик Ти Оан Нхи Транга қарши рингга чиқди.
 
 
Жанг якунларига кўра боксчимиз рақибини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва Осиё чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди.
Вьетнамдаги Осиё чемпионатида шунингдек, Ёдгорой Мирзаева ва Эъзозахон Мелиевалар бронза медали соҳибига айландилар.
8-12 ноябрь кунлари Санкт-Петербург шаҳрида “Динамо” спорт мажмуасида бокс бўйича 6-анъанавий “Санкт-Петербург Губернатори кубоги” турнири бўлиб ўтди. Дунёнинг энг бокс ривожланган мамлакатларининг терма жамоалари аъзолари, қитъалар ва жаҳон чемпионлари совриндорлари – жами 100 дан зиёд кучли боксчи иштирок этди.
Санкт-Петербург Губернатори кубогида иштирок этган уч нафар боксчимиз ҳам финалга етиб боришди.
 
 
Финал мусобақалари ҳаяжонларга бой бўлди. 60 кгда Шунқор Абдурасулов, 75 кгда Исроил Мадримов олтин медални қўлга киритишди, 91 кгда иштирок этган ёш умидли боксчимиз Санжар Турусунов кумуш медал эгасига айланди. Исроил Мадримовга мусобақанинг энг яхши боксчиси соврини топширилди. Боксчимизга бу совринни Санкт-Петербург Губернатори Георгий Полтавченко шахсан топширди.
24-30 ноябрь кунлари Термиз шаҳрида бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Юртимизнинг барча вилоятларидан  250 нафарга  яқин чарм қўлқоп  усталари 10 та вазн тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб боришган чемпионат, янги кашф этган юлдузлари ҳамда Олимпиада чемпиони Шаҳобиддин Зоировнинг қайтиши билан эсда қолди.
 
 
Худойназар Файзов, Абдулло Қўчқоров, Шунқор Абдурасулов, Зиёвиддин Тохиров, Маҳмуд Ғоипов, Акмурод Гаффоров, Козимбек Мардонов, Сардор Ёрмуҳаммедов ва Лазизбек Муллажонов каби чемпионларимиз яқин даврда халқаро майдонларда шоҳсупаларни банд этиши аниқ. Зеро, терма жамоамиз мураббийлари, чемпионат давомида асосан асосий таркибга ўринбосарларни аниқлаб олишни режалаштиришларини аввалдан маълум қилишганди. Шунинг учун Ўзбекистон биринчилигида иштирок этадиган боксчилар мусобақага катта тайёргарлик билан келишди.
22-27 ноябрь кунлари Россиянинг Ханти-Мантийск мухтор округида, Белоярск шаҳрида бўлиб ўтган Бокс бўйича XV Нефть мамлакатлари жаҳон кубогида ҳам боксчиларимиз муваффақият билан иштирок этишди.
Чарм қўлқоп усталаримиз якунда 1 та олтин, 3 та кумуш медални қўлга киритишди. Терма жамоамизга ягона олтин медални Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов тақдим этди. Санжар Турсунов, Исроил Мадримов ва Иқболжон Холдоров финал баҳсида рақибларига имкониятни бой бериб, якунда кумуш медаль билан тақдирланишди. Лекин, финалгача бўлган жангларда боксчиларимизнинг қолган спортчилардан катта устунлиги кўзга ташланиб турди.
 
 
Айниқса, Исроил Мадримов рақибларини пийпаб ташлади бирма-бир. Рақиблар унинг зарбаларга дош бериб, рингдан тирик чиққанларига шукр қилишди. Дунё боксчилари орасида аста-секин “Мадримовофобия” (“Мадримов қўрқуви”) касаллиги оммалашиб бораётгани сир бўлмай қолди.
10 та вазн тоифасида 10 та олтин: Йилни жуда юқори нотада якунладик. Россиянинг Ярославль шаҳрида бокс бўйича халқаро турнирда ёш боксчиларимиз 10 та олтин медални қўлга киритишди.
Мусобақада Ўзбекистон терма жамоасиз аъзоларидан 48кгда Аҳмаджон Аҳмедов, 50 кгда Кобланбай Тўрабоев, 52 кгда Фарход Эшмаҳаметов, 54 кгда Руслан Абдуллаев, 57 кгда Асадбек Абдураимов, 60 кгда Фарруҳбек Хасанов, 63 кгда Логин Петров, 66 кгда Нурислом Исомилов, 70 кгда Жаҳонгир Зокиров, 75 кгда Шохжаҳон Абдуллаев барча рақибларини енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгалладилар.
 
 
...Хуллас, 2017 йил боксчиларимиз учун зафарлар йили бўлди. Ёруғ юз билан янги, 2018 йилга қадам қўяр эканмиз. Ўзбекистоннинг мард ўғлонлари-ю, шерюрак қизларига келгуси йилги халқаро мусобақаларда омад тилаб қоламиз. Бокс Ўзбек жамиятида спортликдан чиқди, миллатнинг фалсафасига айланди. Жаҳонда бокс деганда Ўзбекистонни, Ўзбекистон деганда боксни назарда тутилаётган даврда, Ўзбек бокс мактаби вакилларидан янги ғалабалар, янги зафарлар кутиб қоламиз. 
Дилмурод Жумабоев
 

Биз Twitterда