10-12 ноябрда Тошкентда қўл жанги бўйича Осиё очиқ чемпионати бўлиб ўтади

10-12 ноябрда Тошкентдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида Халқаро қўл жанги федерацияси ва Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси ташкилотчилигида Осиё очиқ чемпионати бўлиб ўтади.
 
 
Қўл жанги спорт турида 2017 йилнинг жаҳондаги сўнгги йирик мусобақаси бўладиган ушбу очиқ чемпионат эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилади.
 Ушбу мусобақада 20 дан ортиқ давлатдан сара қўл жанги усталарининг иштирок этиши кутиляпти.
Осиё Очиқ чемпионати мезбони сифатида қўл жанги бўйича Ўзбекистон терма жамоаси икки таркиб билан қатнашиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир давлатдан бир нафардан халқаро тоифадаги ҳакамлар баҳсларни бошқараб боришади.
10 ноябрь куни “Ўзбекистон” меҳмонхонасида Осиё Очиқ чемпионатига бағишланган матбуот анжумани ўтказилади. Мусобақа доирасида қўл жанги бўйича профессионал жанглар ҳам ташкил этилади. 
Қўл жангида Ўзбекистон терма жамоаси дунёнинг энг кучлиларидан бири ҳисобланади. Шу йил 21-24 апрель кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида бўлиб ўтган қўл жанги бўйича жаҳон чемпионатида Жаҳонгир Жумаев ва Муҳиддин Мамажоновлар олтин, Олимжон Нормуродов, Одил Сирожиддинов ва Илёс Раимов кумуш, Исроил Рамазонов ва Ботир Хўжабеков бронза медалларни қўлга киритиб, жамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллашганди.
7-8 октябрь кунлари Венгрия пойтахти Будапештда ўтказилган қўл жанги бўйича катталар ўртасида Европа очиқ чемпионатида эса йигитларимиз 5 олтин ва 1 кумуш медални қўлга киритдилар. 
20 га яқин давлатдан келган 200 спортчи иштирок этган мусобақада Олим Нормуродов, Муҳиддин Мамажонов, Жаҳонгир Жумаев, Ҳасан Бозоров, Жамшид Раҳмоналиев олтин, Ботир Хўжабеков эса кумуш медаль соҳиби бўлди. 
Жаҳон чемпионати совриндорлари Зарина Олимжонова, Гулжаҳон Норматова, Мафтуна Қувондиқова, Зиёдахон Султонқулова, Шаҳноза Содиқова, Дилшода Бозорбоева, Мадина Эргашева каби аёллар терма жамоамиз аъзолари ҳам ўз вазнларида дунёнинг кучли спортчиларидан ҳисобланишади.
VODIYMEDIA.UZ сайти қўл жанги бўйича Осиё Очиқ чемпионатининг расмий ахборот ҳамкори сифатида Сиз ўқувчиларни мусобақа жараёни билан кенг таништириб боради.
 
 
Спортчиларимизга Осиё очиқ чемпионатида омад тилаб қоламиз.
© Vodiy Media

Биз Twitterда