Тожик футболи дунёга очилмоқда

Article
Тожикистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Нозим Бобожонов ўз фаолиятини Баҳрайнда давом эттиради. Тезкор ҳаракатлари, майдонни кўра билиш қобилияти туфайли селекционерлар эътибор тушган ушбу  иқтидор эгаси “Баҳрайн” жамоаси билан шартнома имзолади.
21 ёшли Бобожонов ҳозирга қадар Душанбенинг “Истиқлол” клуби шарафини ҳимоя қилиб келаётганди. Ўзбек футболи мухлисларига  яхши таниш бўлган Мухсин Мухаммадиев мураббийлиги остида Нозим янада ёрқин ўйин кўрсата бошлаганди. Бу эса зое кетмади. Тожик ярим ҳимоячи тўп сурадиган янги клуб айни пайтда 6 очко тўплаган ҳолда Баҳрайн чемпионатида мусобақа жадвалининг сўнгги – 9-поғонасида бормоқда, дея хабар беради Asia-Plus.
Бобожонов “Истиқлол”га  келгунга қадар Қозоннинг “Рубин” ва Москванинг “Локомотив” клублари ўринбосарлари таркибида, Турсунзоданинг “Регар-ТадАЗ” жамоасида тўп сурганди.
Собиқ иттифоқ пайтида тожик футболидан  қатор иқтидорлар авлоди етишиб чиқдики, улар нафақат парчаланган йирик мамлакат миқёсида, балки Европа даражасида ҳам ёрқин ўйин кўрсатишганди. Улар сирасига Рашид Раҳимов, Мухсин Мухаммадиев, Андрей Маннаников, Хаким Фузайлов, Юрий Батуренко, Арсен Аваковларни қўшиш мумкин. Қолаверса, 90-йилларнинг “Навбаҳор”ида тўп сурган Рустам Забиров, Анвар Асадуллаев, Сергей Арслоновларни алоҳида таъкидлаш лозимки, улар ўзбек футболи ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшган чарм тўп усталари ҳисобланишади. 
 Айни пайтда, тожикистонлик бир неча футболчилар хорижда муваффақият билан тўп суришмоқда. Улар сирасига Болгария чемпиони “Дунав” сафида ҳаракат қилаётган 24 ёшли ҳимоячи Искандар Жалилов, 25 ёшли ярим ҳимоячи Нуриддин Давронов, Пловдивнинг “Локомотив” (Болгария) клуби ярим ҳимоячиси 22 ёшли Парвиз Умарбоев ва унинг тенгдоши, Белоруснинг “Динамо” (Брест) клуби шарафини ҳимоя қилаётган ҳужумчи Жаҳонгир Эргашевларни қўшиш мумкин.

Биз Twitterда