Наманганда катта халқаро улоқ бўлиб ўтди!

Раҳмонжон Мамадалиев олган сурат
 
Наманган шаҳридаги Отчопарда миллий халқ ўйинларидан саналган “улоқ-кўпкари” бўйича мусобақа ўтказилди. Оммавий халқ сайлида мезбонлар вакилларидан ташқари Андижон, Фарғона, Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва қўшни Қозоғистон Республикасидан келган уч юздан зиёд моҳир чавандозлар иштирок этдилар.
Улоқ байрамининг тантанали очилишида унинг ташкилотчиси, 83 ёшли меҳнат фахрийси Йўлдошхон ота Саломов сўзга чиқиб, халқимизнинг қадимий қадрият, урф-одат ва анъаналаримиз сирасига кирадиган улоқ-кўпкари йигитларни мардлик ва ҳалоллик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Президентимизнинг яқинда Қашқадарёга қилган ташрифи чоғида от спортини ривожлантириш, зотдор тулпор наслини кўпайтиришга эътибор қаратиш вазифа сифатида белгилаб берилганлигини қайд этди.
Эпчиллик, довюраклик, халқчиллик каби халқимизнинг эзгу фазилатлари ўз ифодасини топган оммавий улоқ баҳсларида Тўрақўрғон туманидан Карим, Ҳусниддин, Достон, Улуғбек полвонлар, Қўқон шаҳридан Беҳзод чавандоз, Марғилондан Ориф полвон, Қаршидан Фахри полвон, Андижондан Ислом чавандоз, Самарқанддан Дилшод полвонлар энг кўп маррани олиб, томошабинларнинг олқишига сазовор бўлдилар.
- Азал-азалдан халқимизда чавандозликни улуғланади, учқур саман отлар паҳлавон ва ботирларнинг йўлдоши бўлиб келган, - дейди тўрақўрғонлик 63 ёшли Каримбек Махсумбеков. - Мустақиллик йилларида миллий анъаналаримиз қатори улоқ-кўпкари ўйинлари ҳам қайта тикланди ва тобора оммалашиб бормоқда. Бизнинг Наманган вилоятида ҳам от спорти бўйича меҳру қизиқиш бўлакча. Айниқса, турли саналар, байрамлар муносабати билан мусобақалар ўтказиш анъанага айланган. Мусобақаларда мунтазам қатнашаётганимдан хурсандман. Негаки, унда мен ўз ёшлигимга қайтгандай бўламан.
Катта байрам, сайилга айланган “Улоқ-кўпкари” беллашувларида ғолиб чиққан ботир чавандозлар кубок, медаллар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Vodiymedia учун махсус 

Биз Twitterда