Икки 8 ёшли ўзбек жаҳон чемпионлари: Шашка бўйича жаҳон чемпионатида ўзбек қизларининг оламшумул ғалабаси!

 
23 августдан 2 сентябрга қадар Болгариянинг Қора денгиз қирғоғида жойлашган Кранево шаҳарчасида шашка бўйича болалар ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.
Чемпионатда Беларусь, Болгария, Германия, Исроил, Латвия, Литва, Молдова, Озарбайжон, Польша, Россия, Руминия, Туркманистон, Украина, Франция, Қозоғистон ва Эстониядан келган спортчилар билан бирга Ўзбекистон ёш шашкачилари ҳам иштирок этдилар.
Дунёнинг 250 дан зиёд ёш иқтидорли шашкачилари билан биргаликда бу мусобақада иштирок этган ўзбекистонлик ёшлар оламшумул ғалаба билан қайтишди.
Наманганлик  8 ёшли Мавлуда Маҳмудова 2017 йил апрелда Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида икки карра Осиё чемпиони унвонига сазовор бўлганди. Энди Мавлуда янада юқори чўққиларни забт этди: Болгарияда у классик ва тезкор шашка турлари бўйича ўз ёш табақасида олтин медалларни қўлга киритиб, икки карра жаҳон чемпиони деган унвонга сазовор бўлди.
Яна бир 8 ёшли шашкачи қизимиз, Ўзбекистоннинг 2017 йилги 3 карра чемпиони, сирдарёлик Мухлиса Толибжонова эса блиц (ўта тезкор) йўналишида дунёда тенгсиз эканини исботлаб, жаҳон чемпионатининг олтин медали соҳибасига айланди.
Ўғил болалар мусобақасида ҳам 8 ёшлилар орасида яна бир Осиё чемпиони, бухоролик Амир Шаҳобов ўта муваффақиятли иштирок этди. Классик ва тезкор шашкада иккинчи ўринларни қўлга киритган Амир, блиц мусобақасида учинчи поғонани эгаллади. Натижада жаҳон чемпионатининг икки кумуш ва бир бронза медали билан уйга қайтди.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда