Созларнинг афғони

 
Чолғу асбоблари дунё халқларида ўз кўринишлари, овоз тузилишлари, номланишлари билан қайсидир халқнинг мусиқа асбобини ўзида акс эттиради. Ана шундай мусиқий чолғулардан бири афғон рубобидир.
Илмий асарларда афғон рубобининг қачон пайдо бўлгани хусусида аниқ маълумотлар йўқ. Айрим мусиқашунослар уни афғон рубоби деб таърифласалар, бошқалари эса ҳинд, бухоро ёки тожик рубоби, деб ҳам таърифлайдилар. Аммо ҳозирги афғон рубоби қадимгисидан ўзининг тузилиши ва шаклига кўра анча фарқланади.
Ҳақиқатан ҳам афғон рубобининг тарихи жуда қизиқарли. Ҳозирда Ҳиндистон ва Покистон кинофильмларида, телевидение орқали берилаётган телекўрсатувларда афғон рубобида ёқимли тароналар ижросини эшитиб қоламиз. Эътибор берилса, бу рубоблар пардаларининг кўплиги ёки озлиги жиҳатидан бир-биридан фарқланиб туриши кўзга ташланади. Баъзиларида торлар сони озроқ, баъзиларида эса кўпроқ. Шунингдек, бу чолғу Эрон халқлари орасида ҳам кенг тарқалганини телеканаллар орқали кўриш мумкин.
Афғон рубоби Жалолиддин Румий асарларида, Умар Хайём ва Аҳмад Яссавий рубоийларида жуда кўп тилга олинган. Демак, афғон рубоби, тахминан, бундан минг йиллар илгари ҳам Ўрта Осиё ҳудудида кенг тарқалган десак, янглишмаймиз.
Афғон рубоби 1940 йилда профессор Ашот Петросян ва конструктор Савелий Диденко раҳбарлигида халқ чолғуларининг тажриба устахонасида такомиллаштирилди ва ундан 11 та садо бериб турувчи ёрдамчи торлар олиб ташланди.
Афғон рубоби синфи мустақил тарзда 1963 йилда очилган бўлиб, дастлаб шу синф билан Ф.Н.Васильев ва С.М.Тахалов шуғулланган. Бу синфни илк бор 1969 йилда тугатганлардан бири Ғуломқодир Эргашев мазкур йилдан бошлаб, ушбу йўналишда ўқитувчилик фаолиятини бошлаган, кейин эса И. Деҳқонов бу таълим ишини давом эттирган.
Афғон рубобининг кенг тарғиботи ва уни оммалаштиришда Сулаймон Тахаловнинг машаққатли меҳнатларини эътироф этиш жоиз. Унинг, айниқса, “Афғон рубобини чалишга ўргатиш методикаси” номли қўлланмаси, муаллифнинг энг катта илмий-ижодий муваффақиятларидан бири деб баҳоланса, муболаға бўлмайди.
Яна шу соҳанинг фидойиларидан бири 1946 йилда таваллуд топган Ғуломқодир Эргашев бўлиб, консерваториянинг афғон рубоби ихтисослигини ҳамда ассистентура стажировкасини Ф.Н.Васильев раҳбарлигида тамомлаган. Ғ.Эргашев афғон рубоби учун “Гуллар рақси” деб номланган пьесалар тўплами, “Афғон рубобчилар ҳаваскорлик ансамблини тузиш” номли ҳамда “Афғон рубоби” дарслиги муаллифидир. Устознинг Абдуқаҳҳор Нишонов, Жобир Ғозиев каби ўнлаб шогирдлари республикамиз вилоятларида афғон рубоби синфи ривожига улкан ҳисса қўшиб келмоқдалар.  
Мусиқа маданиятимиз ва созгарлик санъати камол топса, бу соҳанинг довруғи шу қадар юксалади. Инчунун, асл миллий удумларига содиқ авлодлар бор экан, кўҳна санъатимиз кўнгилларга маънавий озуқа улашиб, асрлар оша яшайверади.
Олимжон АБДУРАҲМОНОВ,
"Маҳорат мактаби"

Биз Twitterда