Синдор совриндор

Ёш дизайнер Синдор Тошкенбоев Қозоғистонда ўтказилган “Face of Central Asia – 2017” модалар фестивалида совриндор бўлди.
Санъат шундай сирли бир оламки, у инсон қалбини ҳайратга солади. Унинг таровати ва нафислиги Аллоҳ ато этган истеъдод туфайли юзага келади.
Фақат истеъдод тарбия этилмаса, меҳнат қилинмаса кўзланган натижага эришиш қийин. Муваффаққият довонини забт этмоқликка катта сабр-матонат, юксак ирода керак.
Қаҳрамонимиз ҳам ўзидаги истеъдодни сайқаллантириб, унинг юзага чиқишига ҳаракат қилаётган касб эгаси. Синдор Тошкенбоев эндигина 23 баҳорни қаршилаган бўлса-да, шижоати, танлаган касбига бўлган меҳр-муҳаббати туфайли кўплаб муваффаққиятларни қўлга киритди.  Самарқанд  вилоятининг Ургут  туманидан. Синдор онаси Садолат Узоқованинг каби дизайнерликка ҳавас қилди. Она ва бола ўртасидаги руҳий яқинлик Синдорнинг иқтидорини юзага чиқарди.
Жуда кўп нарсаларга қизиқадиган, тиниб-тинчимайдиган Синдор 2010 йил мактабни битириб, пойтахтдаги Юнусобод  дизайн коллежига ўқишга киради. Таҳсил давомида ўз олдига қўйган мақсади сари дадил одимлади. 
Ёш дизайнер кўпроқ табиатдан илҳом олди. У яратган миллий либослар санъат асари даражасига кўтарила олди. Ёш истеъдод соҳиби Ўзбекистон бадиий Академияси томонидан ўтказилган санъат ҳафталиги фестивалларида мунтазам иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритган. Айниқса, «Менинг юртим» телеканалининг «Топ-дизайн» кўрсатувида иштирок этиб, томошабинлар эътиборига тушди.
Синдор Тошкенбоев келгусида машҳур дизайнерлар қаторидан жой олиши шубҳасиз. Чунки унда истеъдод, иқтидор, қолаверса, оилавий тажриба, маҳорат бор. У ўз ўқишини давом эттириш билан бир қаторда соҳада янгиликлар яратиш, миллий матоларимиздан ажойиб либослар яратиш, ўзбек мода оламини дунёга таратиш орзусида.
Яқинда Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида ўтказилган модалар фестивалида дизайнернинг ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланиб, совриндорлар сафидан ўрин олди.
- Миллий ва замонавийлик уйғунлиги мен яратаётган либосларда акс этиб туради. Ўзбекистоннинг дунё сари юз тутишида унинг миллийлиги ҳам, шунингдек, замон билан ҳамнафаслиги ҳам сезилиб туриши керак. Миллий либосларимиз ҳар доим ҳам бежиримлиги, бетакрорлиги ва нафислиги билан кўпчиликнинг эътиборига тушган. Ҳатто олис қитъаларда ҳам атласу адрасларимиз маълум ва машҳур. Биз ўзбек дизайнерлари бу матоларга шундай гўзаллик ва жозиба бағишлаши керакки, бундан ҳамма ҳайратлансин. Бу қўлимиздан келади.
Шундай экан, Синдор каби иқтидор соҳиблари янада кўпайишига, мустақил Ўзбекистонимиз ривожи учун муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирамиз. Зеро истеъдодли, иқтидорли фарзандлари бор юртнинг келажаги бундан-да юксак бўлаверади.
Санжарбек ҲАМИДОВ

Биз Twitterда