Наманган вилоят мусиқали драма театрида "Аҳмад Фарғоний" спектакли қўйилди. Фарғонада "Исҳоқхон Ибрат" спектакли қўйилажак!

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда «Ўзбектеатр» ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан мамлакатимиз театр жамоаларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши, ёш актёрлар маҳоратини ошириш мақсадида жамоаларнинг турли вилоятларга сафари, ҳамкорликда спектакль қўйишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарғона вилояти мусиқали драма театрида Сайдали Одилов асари асосида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, режиссёр Марат Азимов томонидан «Аҳмад Фарғоний» тарихий драмасининг саҳнага қўйилгани ана шу ижодий мулоқотнинг амалдаги ифодасидир.
 
 
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган ушбу тарихий спектаклдан 22 апрель куни наманганлик  санъат ихлосмандлари баҳра олишга муваффақ бўлишди.  Шу куни Фарғона вилояти мусиқали драма театрининг гуллар шаҳри Наманганга ижодий сафари ташкил этилди. Унинг доирасида Наманган вилоят мусиқали драма театрида Фарғона театри ижодкорларининг “Аҳмад Фарғоний” спектакли намойиш этилди.
Ушбу спектакль улуғ бобокалонимиз, жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган аллома Аҳмад ал-Фарғоний ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилиши билан бирга томошабинларни, айниқса, ёшларни ватанпарварлик, юртга содиқлик, фидойилик руҳида камолга етказишда катта тарбиявий аҳамиятга эга. Икки ярим соатдан ошиқ давомийликка эга спектакль томошабинларни буткул ўзига ром этди ва катта олқишларга сабаб бўлди.  
Наманган вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров ва бошқалар мамлакатимизда театр санъати равнақи учун кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ёш авлод маънавиятини юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Фарғоналик ижодкорларга Наманган вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси топширилди.
Спектаклни тайёрлашда адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев адабий маслаҳатчи сифатида кўмаклашди. Аҳмад Фарғоний ролини Акмал Мирзаев ижро этди. Либослар муаллифи – моҳир дизайнер Севара Зуннунова. Ролларни Кимсанбой Собиров, Адҳам Акромов, Адҳам Қирғизбоев, Муҳриддин Актамов, Азиз Темиров, Икром Абдуллаев, Комила Валиева ва бошқа актёрлар ижро этишди.
Бевосита ушбу спектаклни томоша қилиб, фарғоналик ижодкорларнинг маҳоратига таҳсин ўқидик. Ва қалбимизда наманганлик театр ижодкорлари томонидан атоқли аллома Исҳоқхон тўра Ибрат ҳаёти ва ижодини шундай ёритиб бера оладиган асар яратилишига истак, тилак пайдо бўлади. Ишонамизки, наманганлик адиблар, драматурглар бу буюк инсон ҳақида ажойиб театр асари яратадилар. У эса Наманган театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилиб, нафақат Фарғона, балки бутун юртимиз саҳналари бўйлаб намойиш этилажак.
Анвар Икрамов

Биз Twitterда