Наманган ва Свердловск ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича протокол имзоланди

 
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев 27 март куни икки томонлама ҳамкорлик имкониятлари масалаларини муҳокама қилишди ва ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик ўрнатиш бўйича протоколни имзоладилар
Музокаралар ва протокол имзолаш тадбирлари Намаган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегациянинг  Ўзбекистон Президентининг ваколатли вакили Акмал Камалов иштирокидаги Свердловск вилоятига расмий ташрифи чоғида бўлиб ўтди. 
 «Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли ҳамкори ҳисобланади. Шу боис ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликка алоҳида урғу бермоқдамиз. Бу ташриф – улкан имконият ва салоҳиятга эга бўлган Свердловск вилояти билан ҳамкорликни йўлга қўйишдаги биринчи қадамимиздир. Ўзаро савдо ҳажмини сезиларли равишда оширишдан манфаатдормиз. Турли соҳаларда – металлургиядан тортиб, қишлоқ хўжалигигича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрмиз», - таъкидлади Бозоров.
Евгений Куйвашевнинг фикрича, машинасозлик, энергетика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, текстиль саноати соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳамда Намаганда инфраструктурани ривожлантириш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишнинг келажаги порлоқ.
 «Свердловск вилояти Наманган вилоятида ишлаб турган корхоналар ва янги барпо этилаётган объектларда ишлаб чиқариш қувватини ошириш бўйича замонавий техник ечимлар таклиф этишга тайёр. Бизнинг ташкилотларимиз маҳсулотлари ҳам Ўзбекистон ҳукумати давлат дастурларини ҳаётга тадбиқ этишда асқотишига ишонаман. Ишонаманки, Сизнинг бугунги ташрифингиз икки томонлама ҳамкорликда янги уфқларни очади», - деди Свердловск вилояти раҳбари
Шунингдек, Куйвашев Свердловск вилоятининг Ўзбекистон мева-сабзавоти ва полиз маҳсулотларига катта миқдорда эҳтиёжи борлигини таъкидлаб, бу борада Ўрта Урал бозорига ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотларини импортини ошириш бўйича қулай механизм яратиш таклифини билдирди.
Хайрулло Бозоров Евгений Куйвашев таклифини қўллаб-қувватлади ва Наманган Савдо-Саноат палатасининг Уралдаги ваколатхонаси очилиши бу борадаги биринчи қадам бўлишини таъкидлади. Шунингдек, ўзбек маҳсулотларини намойиш қилувчи шоу-румлар ташкил этиш Свердловск билан савдо алоқаларини янада кучайтириши умид билдирди.
 
 
Учрашувдан сўнг Евгений Куйвашев ва Хайрулло Бозоров ҳамкорлик ўрнатиш бўйича протокол имзоладилар. Ушбу ҳужжат орқали томонларнинг ҳамкорлик алоқалари доиралари белгиланди ҳамда унинг асосида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорлик келишувлари тайёрланишига келишиб олинди.
 Vodiymedia

Биз Twitterда