Наманганлик журналистлар Иссиқкўлдан "янги топилмалар" билан қайтишди

 
Ёзнинг жазирама иссиқ кунлари бошланиши билан ҳамма салқин ерда ҳордиқ чиқаришни хоҳлайди. Қирғизистонинг Иссиқкўл туристик ҳудуди шундай мазмунли хордиқ чиқариш учун айни мудао бўладиган жойлардан. Марказий Осиёнинг марвариди деб тилга олинадиган Иссиқкўл тиниқ ва шифобахш суви билан барчани ҳайратга солади. Шу сабаб бўлса керак ҳар йили Шимолий Тяньшань тоғ тизмаси бағридаги мазкур кўлга Россия, Қозоғистон ҳамда Қирғизистоннинг ўзидан минглаб кишилар ташриф буюришади. Шу йилнинг 27 июнь куни ташриф буюрувчи давлатлар сафи биттага кўпайди. Тошкент-Томчи-Тошкент авиа чартер рейсининг илк парвози орқали ўзбекистонлик сайёҳлар Иссиқкўлга келди. Ушбу қатнов орқали йил бўйи юртимиздан тахминан 3 минг сайёҳ ташриф буюриб, дам олиши кутилмоқда.
Мазкур аҳамиятга молик иш Ўзбекистон ва Қирғисистон республикаларининг элчихоналарининг Марказий Осиёда сайёҳликни ривожлантириш масаласидаги тинимсиз ҳаракатлари сабаб амалга оширилмоқда.
 
 
Мавсум олдидан олиб борилажак ишларни кенг оммага танитиш мақсадида ҳар икки қардош давлатларнинг элчихоналари ва тур агентликлари ташаббуси билан юртимизнинг 40 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари, жумладан Наманган вилояти журналистларидан ЎзА фотомухбири Ҳотам Мамадалиев, Дарё ахборот сайти мухбири Азизбек Абдувалиев ва Vodiymedia.uz ахборот сайти вакили сифатида камина иштирокида Иссиқкўлга медиа тур уюштирилди.
 
 
Телевидение, радио, интернет нашрлари орқали бевосита ёритилиб, сайёҳлик зоналари, яратилган имкониятлар, кўл манзаралари акс этган материаллар тайёрланди. Биз меҳмон журналистлар касб байрамимиз арафасида Иссиқкўлнинг ҳайратланарли манзарасини ўзида акс эттирган сайлгоҳ “Рух Ўрда”ни сайр этиб мароқли ҳордиқ чиқаришимиз унутилмас воқеага айланди.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ,
Иссиқкўл, Қирғизистон
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар

Биз Twitterда