Наманганлик Фармонбиби - Турсуной Жафарова 

Турсуной Жафаровани XX аср ўзбек театр ва кино санъатининг атоқли намоёндаларидан бири сифатида эътироф этиш мумкин. 
Миллий киночиликда ўзбек аёлини мумтоз намунасини гавдалантира олган Турсуной Жафарова 1915 йилнинг 15 августида Наманган шаҳрида таваллуд топган.  
1931-1939 йиллларжа Наманган мусиқали ва драма театрида фаолият юритган. 1941 йилдан эса Тошкентга кўчиб ўтиб, Муқимий театрида ишлай бошлаган. 1952 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонига лойиқ кўрилган.
 
 
Театрдаги фаолияти давомида "Икки комунист"да Дилбар, Ширин, "Фарҳод ва Ширин", "Лайли ва  Мажнун"да Ширин ва Лайли, “Ҳужум”да Гулжамол, “Бой ила хизматчи”да Жамила, "Тоҳир ва  Зуҳра"да Зуҳра, “Нурхон” Нурхон ролларини маромига етказиб ижро этган.  
Кинодаги фаолиятини 1964 йилда суратга “Қайдасан Зулфиям” картинасидаги Бахтиёрнинг онаси роли билан бошлаган. 1969 йилда “Улица тринадцати тополей” фильмида Султанова ролимини маромига етказиб ижро этган.
Барчамизга яхши таниш бўлган, болалигимиздан бери севиб томоша қилиб келаётган “Келинлар қўзғолони” фильми (1985) йиллар ўтса-да, ўз қадрини йўқотмай келаётир. Айнан шу картинадаги бош қаҳрамон - Фармонбиби роли Турсуной Жафаровани янада яшнатиб юборди. Суратга олинганига ўттиз беш йил бўлган “Келинлар қўзғолони” фильми режиссёри Мэлис Абзалов бу ҳақда шундай дейди: “Ўшанда Фармонбиби ролини Марям Ёқубова ёки Зайнаб Садриева ўйнаши керак, деб картинани беркитиб, суратга олишга рухсат бермай мени анча қийнашган...
Агар Фармонбибини Зайнаб Садриева ўйнаганида фильм театрда қўйилган “Келинлар қўзғолони” билан бир хил бўлиб қоларди. Шу боис қайнона ролига Турсуной Жафаровани тавсия қилганман. Бу қарор жуда тўғри эканлиги ўз исботини топди. Турсуной опа ўзбек аёлининг мумтоз сиймосини ярата олди” 
“Бувимни қайтаринг” (1985), “Олмос камар” (1986), “Шерали ва Ойбарчин” картиналарида ҳам Турсуной ая эсда қоларли ролларни ижро этган. 
Санъат фидойиси, кўплаб ёшларнинг устози Турсуной Жафарова 1997 йилда Тошкентда вафот этган.

Анвар Икрамов

Биз Twitterда