Наманганда латвиялик рассом кўргазмаси

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган сурат
 
Борлиқни ранглар воситасида тасвирлаш авангард услубида ижод қилаётган рассомларга хос. Чуқур фалсафий мазмунга бой бу йўналишда яратилган тасвирий санъат асарлари моҳиятини бир қарашдаёқ тушуниш қийин. Аммо эътибордан чалғимай уни кўришда давом этсангиз, рассом қалбининг инъикоси кўз олдингизда намоён бўлади.
Вилоят бадиий ижодкорлар уюшмаси бадиий галереясида намойиш этилган латвиялик рассом Владислав Буш (1924-2014) нинг тасвирий санъат асарлари кўргазмаси санъат ихлосмандлари қалбида катта қизиқиш уйғотди. Кўргазмадан рассомнинг «Кемалар», «Куз», «Баҳор келмоқда», «Кўл», «Дарахтлар», «Қишлоқ йўли», «Соҳил», «Ўрмон атрофлари», «Эркинлик», «Балиқ овида», «Кўл олдида», «Карнавал» каби кўплаб асарлари ўрин олган. Уларда рассом ижодининг ўзига хослиги, юксак бадиий маҳорати кўзга ташланади.
- Авангард барча усуллар қоришмаси бўлиб, кўргазмадаги асарларда рассомнинг қувончли ҳаёт кечинмалари ифода этилган. Аҳамият берсангиз, тасвирий санъат асарларида фақат ёрқин бўёқлар акс этган, деярли қора рангни учратмайсиз ҳам. Бу эса рассомнинг қалбида кўтаринки кайфият ҳукмронлигини, жўшқин ижодкор эканидан далолат бериб турибди. Контраст ранглар бир сатҳга жойлашганлиги рассомнинг маҳорати нақадар юксак эканини ифодалайди. Ранглар яхлитлигидаги мукаммаллик томошабинни ҳайратга солади, - дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур. - Владислав Бушнинг ҳаёти ва ижодига назар ташлайдиган бўлсак, у кексайган чоғида ҳам баракали ижод қилган, авангард услубида чуқур фалсафий мазмунга эга асарларни ярата олди.
Кўргазмада вилоят ҳокими ўринбосари Пахриддин Маткаримов, республика Маънавият-тарғибот кенгаши вилоят бўлими раҳбари Сайфиддин Муҳитдинов латвиялик меҳмонлар билан мулоқотга киришиб, бундай ижодий ҳамкорлик икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада равнақ топишига хизмат қилиши ҳақидаги мулоҳазаларини баён этишди.

Биз Twitterда