Наманганда "Адабиёт уйи" қурилади!

2016 йил май ойида Наманган шаҳрида “Наманган китоб олами” янги мажмуаси фойдаланишга топширилганди. “Наманган китоб олами” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилган, мўъжаз ўқув зали, тамаддихона ва болалар бурчаги мижозлар хизматида бўлган тўрт қаватли бу замонавий мажмуада ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, илмий-оммабоп, болалар адабиёти, дарсликлар каби йигирмага яқин бўлимда ўн минглаб китоблар ўқувчилар эътиборига тақдим этиб келинмоқда.
“Наманган китоб олами” МЧЖ раҳбари Маъруф Мўминов вилоят китобхонларининг талаб ва истакларидан келиб чиқиб ҳамда ҳукуматимизнинг соҳа ривожи учун яраётган шароит ва имтиёзларидан руҳланиб, Наманган шаҳрида шу номдаги иккинчи китоб дўконини очишга қарор қилди ва бугун, 18 январь куни Наманган шаҳрининг Навоий кўчасида ушбу маърифат ўчоғининг очилиши бўлди.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар, ноширлар, санъаткорлар, меҳнат фахрийлари, ёшлар, журналистлар иштирок этдилар. 
 - Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида" фармойиши биз учун янги мақсадлар сари маёқ бўлди. Келажакда “Наманган китоб олами” дўконларини вилоятнинг ҳар бир туманида очишни режалаштирмоқдамиз. Энг асосийси, Наманган шаҳрининг аҳоли гавжум марказий қисмида “Адабиёт уйи” қуришни устивор мақсад қилиб белгилаб олдик. Агар бизга бунинг учун мақбул ер ажратиб берилса, вилоят ижодкорлари, нашриётлари ва адабиёт ихлосмандларини бирлаштирувчи, халқаро адабий алоқаларни йўлга қўювчи, йирик китоб кўргазмалари ва тақдимотлари ўтказиш имкониятини берувчи мажмуа барпо этиш ниятидамиз, - дейди маърифатпарвар тадбиркор Маъруф Мўминов.
“Наманган китоб олами” МЧЖ ўз мижозларининг талабларини ўрганиш юзасидан мониторинг фаолияти ҳам олиб бормоқда. Ушбу борада илк қадам сифатида, "Vodiy Media" нашриёти билан кўп минг нусхада “Наманган адабиёти хрестоматияси” номли, вилоят ҳудудида Асиридин Ахсикатий давридан то ҳозиргача бўлган вақтда яшаб ижод қилган йирик адабиёт намояндаларининг ҳаёти, ижодий йўли ҳамда асарларидан намуналар келтирилган тазкира чоп  эттириш юзасидан шартнома тузилди.

Биз Twitterда