Мугунгхуа - Кореянинг рамзига айланган гул

Article
 
Ботаник номи: Hibiscus syriacus
Умумий номлари: гибискус, шарон гули.
Кўп ўсадиган ҳудудлар: Хитой, Ҳиндистон, Япония, Корея
Турлари: 200 дан ортиқ, шундан 70 таси фақат Кореяда учрайди
Гуллаш мавсуми: июлнинг бошидан то октябрнинг ўрталаригача
 
Кўп асрлар давомида корейслар учун севимли бўлиб келган мугунгхуа Кореянинг давлат рамзий гули ҳисобланади ва у ҳеч қачон сўлимайдиган ва такрор такрор очиладиган гул сифатида билинади.
Корейслар қадим замонлардан бери мугунгхуани жаннат гули сифатида эътироф этишади. Бу эътироф шу қадар кучли бўлганки, ҳаттоки Силла қироллари (милоддан аввалги 57 – милодий 935-йиллар) ўз давлатларини “Мугунгхуа мамлакати” деб аташган. Қадимги Хитойда ҳам Кореяга нисбатан “тупроқларида мугунгхуа очиладиган ер эгалари юрти” деган иборани ишлатишган. XIX аср охирларида давлат мадҳиясига “мугунгхуа билан қопланган, уч минг ри узунликдаги азим тоғлар ва дарёлар” деган сўзлар қўшилиши натижасида бу гулга бўлган муҳаббат янада кучайган. (ри-хитой маҳаллий ўлчов бирлиги, 1 ри=393 м. Мадҳияда ифода этилган 3000 ри 1200 км га тенг, бу эса Корея ярим оролининг узунлигидир).
Мугунгхуа асрлар давомида Корея маданиятининг энг асосий белгиларидан бири бўлиб келганлиги туфайли, Япония мустамлакасидан озод бўлган Корея учун давлат рамзий гули сифатида якдиллик билан қабул қилинган.
Корейс халқи бу гулни жуда эъзозлайди, чунки мугунгхуа Кореянинг юксак маънавиятини ифодалайди ва унга корейс халқининг кўплаб тарихий ютуқлари ва шу билан бирга бошидан ўтказган кулфатларининг шоҳиди сифатида қарашади.
Табиатда мугунгхуа рангига кўра уч турга ажрайди.
Дансим: мугунгхуанинг ўртаси қизил рангда бўлган оқ, қизил, бинафшаранг ва кўк турлари.
Баэдал: ўртаси рангсиз бўлган оппоқ мугунгхуа.
Асадал: ўртаси қизил рангда бўлган ва гул япроғининг четларида сафсар рангдаги нуқтачалар бўлган мугунгхуа.
Июлнинг бошларидан то октябрнинг ўрталарига қадар мугунгхуа ҳар куни бир тупда 2000-3000 тагача янги гул очади. У ҳар қандай шароитда ўса олади ва бошқа ерга кўчириб ўтқазганда ҳам тез илдиз отиб, яхши ривожланиб кетади. Шундай экан, бу гул ўзида меҳнаткаш ва иродали корейс халқини тўлалигича акс эттиради. 

Биз Twitterда