Машҳур ёзувчи Исоқжон Нишонов Ўш театрига саҳналаштириш учун ўз асарларини бепул туҳфа этди

Ўзбекистон ҳукуматининг таклифига биноан юртимизга гастрол сафари билан келган Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги Бобур номли ўзбек мусиқали драма театри ижодий жамоаси фақатгина спектакл намойиш этиш билан чекланмай, турли ижодий-адабий учрашувларда ҳам иштирок этишмоқда. Шундай дўстона мулоқотлардан яна бири Алишер Навоий номли Наманган мусиқали драма театрида, “Айкол Манас” спектакли намойишидан олдин бўлиб ўтди.
Наманган вилояти адабий муҳити вакиллари қирғизистонлик меҳмонлар билан икки қардош мамлакат ўртасидаги ижодий ҳамкорлик борасида суҳбатлашишди.
Наманган вилоят адабиётининг йирик намояндаларидан бири, кўплаб асарлари нафақат ўзбек китобхонлари, балки таржималарда чет эллик адабиёт ихлосмандлари томонидан севиб ўқиладиган ёзувчи, машҳур “Афғон шамоли” роман-сериали муаллифи Исоқжон Нишонов Ўш театри директори Набижон Мамажонов билан учрашиб, қирғизистонлик меҳмонларни вилоят адабиёти билан кенг таништирди, қатор асарларини чин дилдан ниятлари ёзилган дастхатлар билан совға қилди. Энг асосийси, Нишонов ўзининг “Ҳаёт ва ишқ” ва “Адолат ғори” романларини Қирғизистон театрига саҳналаштириш учун бепул туҳфа қилди!
Суҳбат асносида ўзбек ва қирғиз халқининг адабий дўстлиги ҳақида бадиий ҳамда саҳна асарлари яратиш борасида келишиб олинди, бугунги давлатларимиз томонидан олиб борилаётган дўстона сиёсат ҳар икки мамлакатда қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди.
Набижон Мамажонов Исоқжон Нишоновнинг асарлари Қирғизистонда ҳам машҳур эканини қайд этган ҳолда, уни Ўшга таклиф қилди ва Ўш ҳудудидаги Бобур Мирзо қадамжоларини биргаликда зиёрат қилишга, Ўшнинг машҳур паловини татиб кўришга чорлади. Бу таклиф ёзувчимиз томонидан мамнуният билан қабул қилинди.
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда