Косонсойлик икки хушовоз қиз: бири мақомда, бири операда Ўзбекистонда тенгсиз!

 
Наманганнинг Косонсой тумани азалдан адабиётда, санъатда машҳур бўлиб келган. Сабаби оддий: халқ ўта зиёли, илмга чанқоқ, маданияти юқори. Ҳар бири шоир, ҳар бири ҳофиз, ҳар бири файласуф инсонлар. Шундай экан, ўзбек санъатига шитоб билан кириб келаётган Шоҳсанам Усубжонова ва Шаҳноза Ёқубжоноваларнинг Маданият ва санъат коллежлари ҳамда ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлар ёш ижрочиларининг Республика танловида ғолиб бўлишгани ҳайратомузликдан кўра одатийликдай туюлади инсонга.
 
Шоҳсанам Усубжонова: 1999 йилда туғилган. Мақом йўналишида куйлайди. Мактаб ўқувчилиги давридаёқ Ўзбекистонга танилиб, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси бўлган. Наманган санъат коллежи анъанавий хонандалик йўналиши талабаси.
Очиғи, мақом йўналишини танлаб, ижодга кириб келган санъаткор қизлар кам бўлади. Шоҳсанам каби дарров эътироф этилиб, қўшиқлари юракларга таъсир қиладигани йўқ ҳисоб. Дастлабки мусиқа сабоқларини Алишер Бувахўжаев ва Обидхон Азимовлардан олган ёш санъаткор, ҳозирда Шавкатжон Эргашев устозлигида ўз овози-ю ижросига сайқал бермоқда.
 
 
Шоҳсанам ёш ижрочиларнинг Республика танловида барчани мафтун этди. Танловнинг Гран-при мукофоти соҳибаси бўлди. Имтиҳонсиз, грант асосида Ўзбекистон давлат консерваториясига ўқишга кириш имкониятига эга бўлди. “Муваффақиятимнинг сири мақомни ижро этмаслигим, балки юракдан куйлашимда бўлса керак” дейди камтарона шаклда қўшиқчи қиз.
Мақом шундай бир мураккаб жанрки, уни ҳис эта олмаган бу йўлда муваффақиятли бўла олмайди. Баъзан жуда кучли мақомчи деб саҳналарнинг тўрини бериб қўйилган санъаткорларни тинглайсиз, нима ҳақда куйлаётганини илғолмаймиз, оҳанг бор, сўз йўқолиб кетади. Шоҳсанам ижросида эса ҳар бир сўз куй билан бирга чертила чертила қалбингиздан жой олади. “Мақомни таржимада куйлаб бўлмайди, чунки ҳар бир сўзга меҳр беришингиз керак” дейди Шоҳсанам.
Ўзбек мақомчилик санъати Шоҳсанам Усубжонова билан янги чўққиларни забт этиши шубҳасиздек кўринади.
Шаҳноза эса Шоҳсанам билан солиштирганда нимаси биландир ажраб туради. Ўт-оловлик, “саҳна, мана мен келдим, қабул қил” деган ишонч, ўзбек санъатида ҳали унчалик ривожланмаган жанр – операда қойилмақом ижро, ўзини тутишидаги шарқий ибо ва ғарб эркинлигининг омухтасидай туюлди бу “нимадир” менга.
 
 
Шаҳноза Ёқубжонова: 2000 йилда туғилган. У ҳам Наманган санъат коллежи талабаси.  Ёш ижрочиларнинг Республика танловида опера йўналишида биринчи ўрин соҳибаси.
“Устозларим опера йўналишида ўзимни синаб кўришни тавсия қилишганда, даставвал бир тажриба сифатида кўрдим буни. Бироқ, икки ойлик машғулотлардан сўнг, республика миқёсида ўтказилган бир танловда ғолиб деб топилгандан сўнг, бу – меники, деган хулосага бордим” дейди Шаҳноза, “Бугун ўзимни катта саҳналарга тайёрлаш учун кўп меҳнат қилишим кераклигини яхши тушуниб турибман. Лекин, генерал бўлишни ҳоҳламаган аскар аскар бўлмаганидек, менинг мақсадларим ҳам катта: дунё операси маркази бўлган Римда концерт бериш!”
Бу икки қўшиқчи қиз билан суҳбат жараёнида ишонч ҳосил қилганим шу бўлди: Ўзбек санъаткорлари дунёни ўзига ром этадиган кунлар яқин!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда