Юлдуз Усмоновага раддия: Абдулла Орипов "Мени олиб кетинг Ўзбекистонга!" шеърини ўлимидан олдин ёзмаган!

 
Юлдуз Усмонова яқинда Абдулла Ориповнинг “Мени олиб кетинг Ўзбекистонга!” номли машҳур шеърини қўшиқ қилибди. Раҳмат.
Лекин бу шеър тарихини билмагани боис, ашула айтишдан олдин: “Бу шеър Абдулла аканинг ўлимидан олдин ёзилган энг сўнгги шеъри” деб мухлисларга тақдим этди.
Бу мутлақо нотўғри гап. Юлдуз Абдулла Ориповдек улуғ ва бетакрор шоир ижодига мурожаат қиларкан, унинг шеърини “Ўлимидан олдин ёзилган” деб айтишдан олдин, бу шеърнинг яратилиш тарихи билан жиддий қизиқиб кўриши керак эди.
Бу шеър аслида 1981 йил Москванинг Склифосовский касалхонасида ёзилган. Ўшанда Абдулла Орипов СССР Ёзувчиларининг навбатдаги съездида иштирок этган ва Ўзбекистонга қайтар чоғи, “Россия” меҳмонхонасидан аэропортга кетар пайти инфаркт бўлиб қолганидан сўнг касалхонада дунёга келган шеър бу.
Бу ҳақда “Подшо эркатойининг саргузаштлари” китобимнинг “Юракдаги чандиқлар” ёки иккинчи тарсаки ва биринчи инфаркт” номли бобда батафсил ёзилган.
Юлдуз Усмонова шак-шубҳасиз – истеъдодли хонанда. Лекин кейинги пайтда унинг яна олдингидек кўп гапириб, бўлар-бўлмас изоҳлар ва тушунтиришлар бериши одат тусига кирди. Хонанда қўлига микрофон олиб, саҳнага чиқаркан, юрагидаги ҳис-туйғуларини жиловлаб, ашуласини айтиши керак.
Абдулла Ориповнинг шеърини “Ўлимидан олдин ёзилган!” деб кўр-кўрона башорат қилишдан олдин, шоирнинг оила аъзолари ё адабиётшунос олимлар ва шеърпараст мухлислари билан бирров маслаҳатлашса, яхши бўларди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
 


Биз Twitterда