Исҳоқхон тўранинг бунёдкорлик ишлари

 
Ибрат 1907 йилнинг ёзида хизмат юзасидан Оренбургга боради. У “...бу ернинг маданияти, санъати ва техника янгиликларини ўрганади. Айниқса, ... Гауфман бошлиқ кичик босмахона унинг эътиборини тортади. Матбаачи Гауфман билан яқиндан танишиб, ўз юртида кичик босмахона ташкил этиш масаласида ёрдам беришни сўради. Гауфман унга нусха кўчириш, китоб босиш сирларини ўргатди. Шундай қилиб, бир неча ҳарфлар тўплами, битта литография машинасини ўн йил давомида пулини тўлаш шарти билан сотиб олган Ибрат уларни катта машаққатлар эвазига поездда Қўқон шаҳрига олиб келди. Энг сўнгги манзили Тўрақўрғон қишлоғига от-араваларда етиб келган дастгоҳлар 1907 йилда (Октябрь ойида. Муаллиф изоҳи – Р. У.) “Матбааи Исҳоқия” номи остида иш бошлади. Исҳоқхон тўранинг янги бошлаган ишига бутун қишлоқдагилар ёрдамга келди. Ҳатто қўшниси Мирзабой Ғиёсов ҳарф ўйиш учун уйидаги ёнғоқ дарахтини кесиб берди. Татаристонлик ўқитувчи Ҳусайн Макаев Ибрат таклифига кўра Тўрақўрғонга келди. У кичик босмахонада иш олиб борар ва Ибрат очган мактабда рус тилидан дарс берарди. Ибрат тез-тез сафарда бўлганлиги сабабли босмахонага Охунзода Шоҳидий раҳбарлик қиларди. Чоп этилаётган буюртмаларга тобора талаб орта борганидан уни кенгайтириш, ўлкадаги энг кўзга кўринган корхоналардан бирига айлантириш ҳаракатига тушилди. Халқ орасида литографик усулда босилган китоб ва турли рисолалар эътиборни тортар, “Матбааи Исҳоқия”нинг довруғи кундан-кунга ҳар тарафга ёйиларди” (Ю. Самадов, “Мавлоно Ибрат ворислари”, 1999 йил).
Бурҳониддин Низомовнинг матбуотда эълон қилинган айни мавзудаги мақоласида ёзилишича, 1937 йилгача “Матбааи Исҳоқия” номи билан иш юритган литографик босмахона нафақат тўрақўрғонликларга, балки Косонсой, Чуст, Поп, Уйчи ва Чортоқ туманларига ҳам хизмат кўрсатган. Ибрат вафотидан сўнг туман босмахонаси “Тўрақўрғон” номи билан аталган ва 1961 йилнинг ўрталаригача фаолиятини давом эттирган.
Ҳозир Тўрақўрғонда босмахона йўқ, “Давр” газетаси қўшни Косонсой туманидаги босмахонада чоп этилмоқда. Айни чоғда Наманган шаҳрида ва қатор туманларда масъулияти чекланган жамият шаклидаги босмахоналар фаолият юритмоқдаки, Тўрақўрғонда ҳам ташкил қилинса нур устига аъло нур бўлур эди...
Табиийки, келаётган буюртмаларни қабул қилиб олиш ҳамда уларни тез ва сифатли бажариш каби омиллар “Матбааи Исҳоқия”нинг ўз жойида сақлаган ҳолда Наманган шаҳрига кўчирилишини ва шу тарзда ушбу босмахона фаолиятини кенгайтиришни тақазо қиларди.
“Шаҳардаги маҳаллий ҳукумат 1909 йилда Туркистон генерал-губернаторидан шаҳарда босмахона очишга рухсат олди ва шу йили август ойидан Тўрақўрғондаги “Матбааи Исҳоқия” босмахонаси Наманган шаҳрига кўчирилди.
... Босмахона икки катта хонага жойлашган бўлиб, 1917 йилдан “Ударник” (Зарбдор) номи билан атала бошлади” (Ю. Самадов, “Мавлоно Ибрат ворислари”, 1999 йил).
Кейинчалик босмахона яна Ибрат номида ўз фаолиятини изчил давом эттиргани тарихдан яхши маълум.Эндиликда босмахона “Буюк келажак сервис” нашриёт уйи деб аталмоқда ва Ибратнинг азиз исми нега олиб ташланганини изоҳлаш қийин. Ҳозир ушбу корхонада иккита газета ва битта журнал чоп этилади, бу вилоятдаги матбуот нашрларининг ўн фоизи ҳам эмас. Ибратдан қолган матбаа даргоҳи чироғини гўё ижарачи тадбиркорлар ёқиб туришибди. Ҳар ҳолда ҳам саноат корхонаси, ҳам маънавият уйи ҳисобланган вилоятнинг бош босмахонасидаги аҳвол мақтайдиган эмас. Бу жуда чуқур ўйлаб кўрадиган жиддий муаммо.
Юқорида тилга олинган Бурҳониддин акада оғзаки хотиралар ҳам кўп, уларни Ибратнинг фарзандларидан, кексалардан эшитган. Масалан, Афифахон (Ибратнинг қизи) шундай воқеани айтиб берган. Ибрат қозилик даврида ўз сармоясидан яхши бир масжид бино қилишга киришади. Бироқ маблағи жиндай етмай қолиб, иморат озроқ ҳашар билан якунланади. Шунда Ибрат “бу масжидни менинг номим билан атаманглар энди”, деган экан. Бироқ халқ барибир масжидга қозининг номини қўйиб олади.
Наманган вилоятининг 250 дан ортиқ маданий мерос объектларидан бири бўлган Исҳоқхон тўра масжиди ҳозир ҳам Тўрақўрғоннинг кўрки, таъмирланган, эътиқод ва эзгулик йўлида хизмат қилмоқда. Ғиштин карнизига қурилган санаси – ҳижрий 1334 (милодий 1915/16) йил рақам қилинган, девори қўш синчли, тўсинлари устига вассажуфт босилган.
Бурҳониддин ака дейдики, Ибрат бошқа юртлардан турли кўчатларни олиб келган, аксариятини бизнинг иқлимга мослаштирган, ажойиб арчазор хиёбон ва боғ яратган. Бу боққа Муқимий, Нодим, Ҳамза ва бошқалар келган эканлар. У арчанинг “13 та ижобий, 3 та салбий хусусияти бор”, деб қўяркан. Исҳоқхон тўра яна ғишт хумдон, ҳаммом, фаввора ҳам қурган. Арчанинг устига дока ёпиб, баргидан суғориш учун ҳар куни фавворадан сув сочган. Ҳозир Толибхон (Ибратнинг набираси) яшаётган ҳовлининг ёнида (қўшниникида) юз йиллик фавворанинг пойдевори сақланиб қолган.
Ибратнинг хонадонида Худонинг берган куни дош қозонда таом пиширишган. Бунинг сабаби учта: оила ўзи катта, меҳмоннинг қадами узилмайди ва ниҳоят йўқсил-юпунлар кириб, бемалол хўракланиб туришган. Ибрат ўз китобларига “Кутубхонайи Исҳоқия” деб ёзиб қўйган, бу асарлардан жуда кўпчилик фойдаланган.
Расулбек Умматов

Биз Twitterда