Исҳоқхон Ибратнинг аждодлари ва авлодлари

«Наманган қадимдан кўп-кўп истеъдод эгаларининг парвозига қанот берган илоҳий бир макондир. Бу кўҳна юртда туғилиб ижод қилган Маҳдуми Аъзам Косоний, Бобораҳим Машраб, Фазлий, Нодим Намангоний, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммадшариф Сўфизода сингари шоир ва маърифатпарварларнинг номларини халқимиз ҳурмат билан тилга олади.
Шу ўринда, миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, Ватан ва халқ истиқлоли учун жонини фидо қилган улуғ бобомиз Ибрат домла ҳақида тўхталиб ўтишни ўринли деб биламан.
Барчамизга яхши маълум, ХIХ асрда Тўрақўрғон заминида туғилиб ўсган ноёб истеъдодли бу инсон араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яхши билган.
Шу билан бирга, энг қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини чуқур ўрганган.
У дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлиб, Шарқ ва Европа илм-фани, маданияти ва санъати билан яқиндан танишган, юртимизга илғор маданият ва техника янгиликларини олиб киришга интилган.
Ибрат домла ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида, 1908 йилда Оренбург шаҳридан литографик машина сотиб олади ва уни Оренбургдан Қўқонгача поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларга ортиб, катта машаққатлар билан олиб келади ва ўз ҳовлисида “Исҳоқия босмахонаси”ни ташкил қилади. Яқин-яқингача, яъни 1960 йилгача фаолият кўрсатиб келган бу босмахонада ўтган давр мобайнида қатор илмий-маърифий китоб ва рисолалар, миллий газеталар нашр этилгани, уларни тарқатиш учун водийнинг шаҳар-қишлоқларида ўнлаб китоб дўконлари ташкил этилгани сизларга яхши маълум, албатта.
Бу улуғ маърифатпарвар инсон кўплаб илмий, педагогик ҳамда бадиий асарлар яратган, ўз қишлоғида янги мактаб ва кутубхона очган, аҳоли учун замонавий боғ барпо қилган, ҳозиргача ғоят ноёб ҳисобланадиган олти тилли луғат яратиб, ўз босмахонасида чоп эттирган.
Унинг “Фарғона тарихи” деган машҳур асари мамлакатимиз тарихига оид нодир манбалардан бири эканини сизлар яхши биласизлар.
Афсуски, 1937 йилдаги қонли қатағонлар юртимизнинг кўплаб фозил кишилари қаторида 75 ёшни қоралаган кекса адиб Ибратни ҳам ўз гирдобига тортади. У турмада оғир касалликка чалиниб, вафот этади.
Улуғ аждодимиз Ибрат тахаллусини ўзига бежиз танламаган экан. Унинг Ватан ва юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона ҳаёти нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб хизмат қилмоқда десак, адашмаган бўламиз.
Шу ўринда бир фикрни сизлар билан ўртоқлашмоқчи эдим. Тўрақўрғонда Ибрат домла ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей борлиги яхши, албатта.
 Лекин савол туғилади: шундай улуғ зотнинг халқимиз учун қилган буюк хизматларини бутун мамлакат миқёсида ўқиб-ўрганиш, меросини тарғиб қилиш, авлодларга етказиш учун шунинг ўзи етарлими?
Менимча, Тўрақўрғонда у кишига атаб замонавий боғ яратиб, ёдгорлик мажмуасини ташкил қилсак, буюк бобомиз олдидаги қарзимизни узган бўламиз, десам сизлар нима дейсизлар?!
Бу ер бутун республикамиз аҳолиси учун севимли бир зиёратгоҳга айланиши керак. Нега деганда, бундай фидойи инсонлар ўзбек халқининг фахру ифтихоридир. Агар вилоят аҳли шу таклифни қўллаб-қувватласа, зиёлилар, кенг жамоатчилигимиз, давлат идоралари бунга бош-қош бўлса, том маънода ибратли иш бўларди.
Бу ерда ёшларимиз учун тил ўрганиш бўйича “Ибрат мактаби”ни ташкил қилсак, айни муддао бўлур эди».
(Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 ноябрдаги Учқўрғон туманида ўтказилган учрашувдаги сўзидан.)
Ҳурматли Президентимиз айтган Ибратнинг ибратли меросини авайлаш, кенг тарғиб қилиш ва улуғ юртдошимиз номини абадийлаштириш ҳақидаги бағоят ўринли ва долзарб таклифлар барча зиёлиларнинг, айниқса, наманганликларнинг қалбини жўшдириб юборди.
Дарҳақиқат, жадидлар номи билан тарихга кирган бутун бир авлод намояндалари истиқлолнинг, бугунги дориломон кунларнинг орзуси йўлида жон фидо этгандиларки, Ибрат ҳам ўзбекнинг энг сара улуғлари фожиасига тақдирдош бўлди. Ўйлаймизки, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассиси Расулбек Умматов томонидан тақдим этилаётган туркум мақолалар ва уларда келтирилган Исҳоқхон Ибратнинг ҳаёти ва фаолияти, у қолдирган бебаҳо ижодий мероснинг тарихий, ижтимоий-сиёсий, адабий-маънавий аҳамияти ва унинг фожиона қисмати, аждодлари, оиласи, бизга замондош авлодлари хусусидаги янги маълумотлар жамоатчиликни бефарқ қолдирмайди.
 
 
Исҳоқхон Ибратнинг аждодлари ва авлодлари
Исҳоқхон тўра Жунайдуллахон тўра ўғли Ибрат 1862 йилда Тўрақўрғон яқинидаги Сайрам қишлоғида дунёга келган. Исҳоқхон тўранинг қиблагоҳи Жунайдуллахон тўра соҳибкор боғбонлардан бўлиб, “Ходим” тахаллуси билан шеърлар ёзган. Волидаси – Ҳурбиби – Жунайдуллахон тўранинг никоҳидаги икки аёлнинг бири бўлиб, унинг отаси Қорабош ҳожа билан Жунайдуллахон тўранинг падари Суннатуллоҳ ҳожа (вафоти – 1851 йил) ака-ука бўлишган, яъни эр-хотин амакивачча эдилар. Ҳурбиби ойим мактабдор бўлиб, уйида қизларни ўқитган. Исҳоқхоннинг насл-насаби Аҳмад Яссавийга дахлдорлиги ҳақидаги ҳужжат (20 киши муҳр босган шажара) ҳозир ҳам бор.
“Мазкур шажара узунлиги бир қулочдан ортиқроқ, эни эса 30–35 сантиметр ҳажмдаги махсус тайёрланган қоғозга битилган. Шажаранинг бошланиш қисми жимжимадор майда ўсимликсимон нақшлар билан рангдор қилиб зийнатланган. Шажаранинг тўрт ёнига бошдан-оёқ олтин ҳалли қуюқ чизиқлар чорбурчак шаклида чизилиб, улар орасига нафис чизиқлар тортилган, устига барча аждодлари номма-ном жойлаштирилган. Исҳоқхон Ибрат мазкур шажарада ота-боболари Туркистон томонлардан Наманган ҳудудларига келиб, Тўрақўрғон ва Муллакудинг мавзеларида жойлашиб қолганлари ҳақида муфассал маълумот беради. Улар қуйидагича: Назирхон Ҳожа ўғиллари Неъматуллоҳ Ҳожадурлар. Аммо Неъматуллоҳ Ҳожа соҳиби кашфу каромат эдилар. Ҳазрат Султон-ул-орифиндин (Ҳожа Аҳмад Яссавийдан) тарбият топганлар. Аллоҳ таоло иродаси ва арвоҳлар башорати билан Тўрақўрғон қарясида мутаваттин бўлдилар. Ҳокимлар Мулло Кудинг қарясидан кўп ер назр қилди, анда хонақоҳ бино қилиб, художўйлик қилдилар. Охири вақтларида васият қилдилар: бизни ушбу ерга қўйунг, дедилар. Ул мавзеънинг отини Қозоққўрғон дерлар, анда мадфун бўлдилар. Неъматуллоҳ ҳожанинг уч ўғиллари бор эди: Қорабош Ҳожа, Кичкина Ҳожа ва Суннатуллоҳ Ҳожа. Неъматуллоҳ ҳожа ўз ҳаётликларида нисбатларини Суннатуллоҳ ҳожа ўғилларига бердилар ва жойнишин қилдилар. Ул уч ўғиллари ҳам ўз атрофларида мадфун бўлдилар. Суннатуллоҳ Ҳожанинг ўғиллари Жунайдуллоҳ Ҳожадир. Бул киши яхши олим бўлдилар ва Султон-ут-тариқат Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг хилватхоналарида етти хилват (чиллахоналарида етти марта чилла) ўлтурдилар. Бу ердан муршидлик насибаси инъом бўлди ва хилватга ижозатлик бўлдилар. Жунайдуллоҳ ҳожанинг Қорабош Ҳожа қизидан бўлғон икки ўғиллари бор эди, бирини оти Исҳоқ Ҳожа ва бирини оти Атауллоҳ Ҳожа эрди. Ушбулар Тўрақўрғон қарясида мутаваттин бўлдилар. Муллакудинг қишлоғидан сал юқорироқда жойлашган кўҳна қабристонда ётган мўътабар зотларнинг бири Исҳоқхон Ибратнинг катта бобоси, яна бири бобоси ва яна бириси туғишган иниси экан…”( “Наманган туманининг ўтмиши ва бугуни”, 1996 йил).
Буни қарангки, чорак асрча бурун тўрақўрғонлик тарихчи Бурҳониддин Низомов Ибратнинг туғилган кунини ҳам аниқлади. Иттифоқо у раҳматли Турсунбой Обидов билан Ибрат тўғрисида суҳбатлашиб қолади.
 – Бир куни бувим Жунайдуллахон тўрамни йўқлаб чиқибдилар, – дейди Турсунбой Обидов ўшанда. – Наврўз байрами экан, бувим пишириб чиққан чалпак (зувалани юпқа ёйиб, ёғда қовуриладиган хамирли таом) тўранинг ўғиллари Исҳоқхонга ёқиб қолибди ва мақтабди. Шунда Ҳурбиби ойим дебдиларки, “ўзиям билгандай кепсиз-да, Исҳоқхон тўра чалпакни яхши кўради, ўзиям худди Наврўз кунида туғилган”. Ўша гап бувимнинг қулоқларида қолган ва ҳар Наврўзда чалпак пишириб, Ибрат домлани сийлашни канда қилмасдилар. “Бугун тўрам туғилган кун, буни Ҳурбиби ойимнинг оғизларидан ўз қулоғим билан эшитганман”, дердилар.
Инчунин, Мавлоно Ибрат 21 март куни таваллуд топгандир.
Исҳоқхон тўра тахминан 1885 йилларда Руқияхонга уйланган. Бу никоҳдан Аббосхон, Ваққосхон, Фаёзхон исмли ўғиллар ва бир қиз – Парпихон дунёга келган. Лекин Руқияхон вафот этади ва тўрт етимга она, хонадонга бека лозим бўлади.
Исҳоқхон Ибрат яна бир аёлга (исми топилмади) уйланади. Аммо унинг ҳам умри қисқа экан, ундан Мададхон исмли ўғил бўлиб, болалигида оламдан ўтган.
Кейин Ибрат Онахон исмли аёл билан никоҳланиб уч қиз кўрган: Василахон, Турсунхон, Афифахон.
Ибратнинг Собирахонга уйланиши ҳам тақдир тақозоси эди. Бу никоҳдан икки қиз–Зарифахон, Нафисахон ва бир ўғил – Ротипхон дунёга келган (Ротипхон отаси қамалганда беш яшар бўлган). Хуллас, Ибрат беш ўғил, олти қиз – жами ўн бир фарзанднинг отаси бўлган. Унинг болажонлиги шунчаликки, ҳиндистонлик бир етимни ҳам ўғил қилиб олиб келганмиш.
Ибратнинг ҳамма фарзандлари оламдан ўтиб кетишди. Ҳозир неваралари, сон-саноқсиз эваралари то б е г о н а л а р и гача бор. Барчалари Ибратнинг шарофатли номи билан фахрланадилар. Уларнинг орасида унча-мунча шеър ёзадиганлари, навозандалари, созандалари ҳам бор. Масалан, раҳматли Ротипхон ака аккордеонни яхши чаларди, Нозимахон ва Жамилахон икковлари шеър ёзишади.
Нозимахон опанинг айтишича, Ротипхон ака ҳар йили фарзандларини Андижонга олиб бориб, Ибрат ҳибсда сақланган қамоқхонани кўрсатар, дуо-фотиҳа қилиб қайтар экан. Нозимахон опанинг қулоғига яна бир гап тушган: турма назоратчиси туш кўрибдики, одам жуда кўп эмиш, ҳамма оқ либосда бўлиб, оппоқ туя миниб олган. Шунча оломон оёқ-қўллари кишанбанд маҳбус Жунайдуллаев Исҳоқхонни бошига кўтариб, бардор-бардор қилармиш...
Қатағон зулми Ибратнинг фарзандлари бошига жуда оғир кунларни солган. Отаси қамалгач, тўнғич ўғил Аббосхон тўра ҳам ҳибсга олинган. Улар бир умр кўча-кўйда “қозивачча”, “қулоқвачча” деган ҳақоратларга нишон бўлиб ўтдилар. Бундай таҳқирлардан зада бўлган Ибратзодалар ҳатто мактабга бора олмай қолишган экан. Бу ҳам етмагандай, Исҳоқхон Ибратнинг борки мулки, ер-суви, боғлари талон-тарож қилинади, катта боғи ва ҳовлиси ҳар кимларга бўлиб берилади.
Расулбек Умматов

Биз Twitterда