Иброҳим Ғофуров Наманганда ардоқланди

 
Наманганда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғофуровнинг 80 йиллик таваллудига бағишланган маънавий-маърифий учрашув ўтказилди.
Наманган давлат университетида бўлиб ўтган тадбирда элимиз ардоғидаги таниқли шоир, ёзувчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар иштирок этдилар.
Даставвал учрашув иштирокчиларига эътиборига “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан суратга олинган “Иброҳим Ғофуров: портретга чизгилар” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Инсон умри оқар дарёга қиёсланади. Ҳар бир инсон етуклик ёшига етганида ўтган даврда амалга оширган ишларини сарҳисоб қилиб, ўз фаолиятига назар ташлайди. Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, қутлуғ саксон ёшини қарши олаётган фидоий инсон, камтарин устоз, етук сиёсатчи ва адабиётшунос, моҳир таржимон Иброҳим Усмонович Ғофуровнинг хайрли ишлари таҳсину эътирофларга лойиқ.
Ўзбекистон Халқ шоираси, устознинг умр йўлдоши Ойдин Ҳожиева, Ўзбекистон Халқ шоири Маҳмуд Тоир, “Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев, ёзувчи ва драматург Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими масъул котиби Жамолиддин Муслим, Наманган Давлат университети ректори Абдусалом Умаровлар сўзга чиқиб, Иброҳим Ғофуровнинг таълим, маданият, сиёсат, ахборот соҳасидаги узоқ йиллик самарали иш фаолияти ўсиб келаётган ёш авлод вакиллари учун ҳақиқий ибрат мактаби эканини эътироф этдилар.
Дарҳақиқат, Устознинг камтарона меҳнатлари давлатимиз томонидан юксак қадрланиб, «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби фахрий унвони билан мукофотланди. Бу ўз навбатида мамлакатимизда илм-фан, маданият, адабиёт намояндлари доимий ғамхўрлик оғушида эканидан далолат.
Таъкидлаш жоиз, Иброҳим Ғофуров Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг газетасини ташкил этиш, унинг фаолиятининг дастлабки йилларида “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” деган эзгу ғояни кенг тарғиб этишда муносиб ҳисса қўшди.
Халқимиз суйган ижодкорлар ёш авлодни Она Ватанни севиб ардоқлаш, унга муносиб ворис бўлиш, китобга меҳр қўйиш, миллий қадрият ва анъаналаримиз, менталитетимизга хос бўлган ҳаё, ор-номус, меҳр-оқибат каби фазилатларимизни асраб-авайлашга чақириб, дилни чертувчи ашъорлари билан тадбирга кўтаринки файз киритдилар.
Ижодий кечада Иброҳим Ғофуров кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарияти, қолаверса тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик билдириб, ёшлар учун, маданият ва санъат ихлосмандлари учун самимий тилакларини изҳор қилди:
- Китобни севган одам ҳаётни севади, ҳаётни севган одам эса китобларни севади...Кўзларидан илм шуълалари чарақлаб турган, улуғ маърифатли юртда яшаётган Ўзбекистон ёшлари мамлакатимиздаги улкан ўзгаришларни чуқур англаб, буюк аждодларимизга муносиб бўлишлари шарафли вазифадир...
Устоз томонидан билдирилган ушбу чақириқлар ёшларимиз учун учрашувдан олинган мантиқий хулосалар бўлди, десак адашмаймиз.
Тадбир якунига табаррук 80 ёшга тўлган Иброҳим Ғофуровга Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгашининг эзгу тилаклари битилган ташаккурномалари топширилди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
 Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда