Бобокалонимиз ҳаёти

Article

Юртимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон Миллий университети география факультети 4-босқич талабаси Баҳодир Маҳмудов ҳам ана шу рағбат ва яратилган имкониятлар туфайли ўз истеъдодини намойиш этаётган ёшлардан бири.

«Мактабда ўқиб юрган вақтларимда турли кино, тетар томошаларига мунтазам борар эдим. Актёрларнинг ижро этаётган роллари мени ҳайратга солар эди. Қизиқишларим ана шу болаликдаги ҳайратлар сабаб ортган», дейди Баҳодир. География фани ҳақидаги билимларни мустаҳкамлаши эса унинг учун иккинчи имкониятлар эшигини очди. Борлиқ тилсимотлари, воқеа-ҳодисалар сири эса Баҳодирни яна бир орзулари томон йўналтиргани рост.

Баҳодир университет талабаси бўлиши билан бирга ўзини кинода синаб кўрди. Режиссёр Шуҳрат Маҳмудов томонидан олинаётган буюк бобокалонимиз Ҳаким ат Термизий ҳаёти ва ижодий, илмий фаолияти хусусида олинаётган ҳужжатли фильмда бош ролга таклиф этилди.

Илк ролининг тарихий фильмдан бошлаши чиндан ҳам катта муваффақият ва омад келтириши шубҳасиз. Тарихий шахс ролини ижро этиш эса унинг зиммасига катта масъулият юклади. Баҳодир бу вазифани қай даражада бажара олди, бу ҳақда томошабин ўз фикрини айтади.

Энг қизиғи, Ҳаким ат Термизийнинг18 ёшлик чоғини ҳам, кексалик чоғини ҳам Баҳодирнинг ўзи ижро этди. Буюк шахс ролини ижро этиш осон эмас эди, албатта. Лекин у буни уддалай олди.

- Съёмка жараёнларида қийинчиликлар бўлди, лекин кўзлаган натижага эриша олдик, - дейди ёш актёр. – Ҳужжатли фильмни суратга олиш Термиз шаҳрида кечди. Энди ўзимни кино оламида синаб кўрмоқчиман.

Баҳодирнинг келажакда ўз олдига қўяётган режа ва мақсадлари катта. Бўш вақтларида спектакллар томоша қилади, китоб мутолааси билан банд бўлмоқда. География соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаб, дунё ғаройиботлари ҳақида фильмлар яратишни ҳам орзу қилган.

  Санжарбек ҲАМИДОВ.