Биз билган ва билмаган Сафед Булон

Сўнгги ўн йилликда зиёрат туризми атамаси амалиётда кенг қўлланила бошланди. Бу йўналиш ортидан мамлакатлар даромад даромади 30 миллиард долларга яқин. Қирғизистоннинг ҳам бу борада ўзига хос аҳамиятли масканлари мавжуд. Жалолобод вилоятининг Олабуқа районига қарашли Сафед Булон қишлоғида жойлашган «Шоҳ Фозил» тарихий мажмуасида ўтган йиллар давомида кенг қамровли таъмирлаш ишларим олиб борилди.
 
 
Бу маскан собиқ иттифоқ даврида ҳам Фарғона водийси аҳолисининг муқаддас зиёратгоҳлардан бири бўлган. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, ўша пайтларда зиёратчиларга мақбаранинг совет аскарлари томонидан қўриқлаб турилиши ҳам катта тўсиқ бўла олмаган.
Мустақиллик йилларида эса Ўзбекистоннинг Наманган вилояти билан чегарада жойлашган Сафед Булон қишлоғига пайғамбар авлодлари деб ҳисобланган Шоҳ Жарир ва жума намозини ўқиётган вақтда ўша вақтдаги маҳаллий ҳокимлардан бири Карвон Бас томонидан ўлдирилган 2272 шаҳидларнинг мақбараларини зиёрат қилиш истагида келганларнинг кети узилмаган. Тўғри, зиёратчиларнинг деярлик кўпчилиги ўзбекистонликлар бўлган.
Аммо, охирги уч йилликкача бўлган давр мобайнида чегара масалаларида мураккабликлар пайдо бўлгани туфайли, Сафед Булон зиёратига келувчиларнинг сони кескин камайиб кетганди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилган яқин қўшничилик сиёсати туфайли, эски алоқалар тикланиб, зиёратчилар сони ҳам кескин ошган.
 
 
Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозики, XI асрда қорахонийлар томонидан қурилган, Марказий Осиёда қурилиш услуби борасида ўхшаши бўлмаган мазкур тарихий архитектура мажмуаси сўнги йилларда ички сайёҳларни ўзига жалб этаётир.
Айни пайтда «Шоҳ Фозил» мажмуаси атрофидаги хизмат кўрсатиш объектлари пайдо бўлган. Ҳозирги вақтда мажмуа атрофида яшовчи маҳаллий аҳолининг уйларида сайёҳлар учун уй-меҳмонхоналарни ташкил қилиш ва зиёратга келганларга яхшироқ шароитларни яратиб бериш устида иш олиб борилмоқда.
Шоҳ Фозил ким бўлган?
Тарихий комплекс Фарғона водийсига отаси Шоҳ Жарирдан сўнг келган Шоҳ Фозил ҳурматига қурилган мақбара, Шоҳ Жарир бошчилигида келиб, жума намози вақтида ўлдирилган 2772 шаҳиднинг боши кўмилган ер ва маҳаллий ҳокимнинг тақиқига қарамай танасидан ажратилган шаҳидларнинг бошини тўплаб, ювган қиз – Булон мақбарасидан иборат.
 
 
VII асрларда Фарғона водийсига Ислом динини ёйиш мақсадида келган йигирма мингга яқин араб қўшини Муҳаммад Ибн Жарир бошчилигида йўл-йўлакай турли ҳудудларни ўзига бўйсиндириб, оташпараст бўлган халқларни Исломга киргизиб, сўнг ҳозирги Сафед Булон ҳудудига жойлашган.
Тарихчилар томонидан ёзилган манбаларга кўра Муҳаммад ибн Жарир маҳаллий аҳоли ва уларнинг бошчиларига қон тўкмай, ислом динини қабул қилиш талабани қўяди.
Арабларнинг ўзига нисбатан йирик бўлган қўшини билан очиқ жангда кураш олмаслигини тушунган маҳаллий ҳоким талабни қабул қилиб, мусулмон бўлишга мажбур бўлади.
Ҳозирги Ахси районининг ўша пайтдаги ҳокими Карвон Бас тилида Ислом динини қабул қилади ва ўз қизи Биби Убайдани Шоҳ Жарирга бериб, уни ўзига куёв қилиб олади.
Карвон Бас ўз қизига бир энагани ҳам қўшиб беради ва бу билан у мусулмонлар ичидаги ўз жосусига эга бўлади.
Шундай қилиб, энага – кампир ўз ҳокимига мусулмонларнинг юриш-туриши, намоз ўқиш шартлари тўғрисида маълумотларни етказиб туради.
 
 
Жосусдан олган маълумотлар асосида Карвон Бас жума намози вақтида мусулмонларга ҳужум уюштиради ва то намоз адо этиб бўлунгунга қадар 2227 кишининг боши танасидан жудо қилинади. Араблар шаҳид қилинган ер ҳозирда Қирғин масжид деб аталади ва ҳозир ҳам ушбу масжидда жума намози ўқилади.
Тилдан тилга ўтиб юрган ривоятлар ва турли китобларда ёзилишича шаҳидларнинг бошини бир ерга тўплаб, ювиб чиққан қора танли Булон, бу иши учун Аллоҳ томонидан мукофотланиб, ҳур каби оқ нур тарата бошлайди. Уни шундан бери Сафед (оқ) Булон деб атай бошлашади.
Булон турмуш қурмай туриб вафот этгани учун унинг мақбарасини чимилдиқни эслатувчи жиҳозлар билан безатишган ва бу ерга эркакларнинг кириши мумкин эмас.
Бошлар тўпланиб кўмилган ер “Каллахона” деб аталади, таналар эса ундан 300 метр оралиқдаги масофада кўмилган. У ер “Шаҳидлар қабри” дейилади. Бу маълумотлар олиб борилган қазиш ишлари ва тадқиқотлар натижасида аниқланиб, нафақат бошларинг сони, балки бошлар қилич билан кесилгани ҳам далилланган.
Маҳаллий тарихчи Муҳаммадхон Насипов ҳам Сафед Булон қишлоғининг тарихини чуқур ўрганган, шу билан бирга ўзи ҳам шеърий шаклда қишлоқ тарихини китоб қилиб чоп этган.
 
 
 «Мағлуб бўлган Шоҳ Жарир аскарларига ким истаса у билан Мадинага қайтиши, хоҳлаганлар эса шу ерларда қолиши мумкинлигини айтади. Карвон Баснинг қизи ўз турмуш ўртоғи Шоҳ Жарирга содиқ бўлиб, у билан Араб ўлкаларига кетади ва у ерда мана шу мақбарада ётган Шоҳ Фозил дунёга келади», - деб ҳикоя қилади Муҳаммадхон Насипов.
Маълумотларга кўра ўша пайтда Мадинага кетмай қолганлар ҳозирги Подшоҳ ота, Косонсой яқинидаги Ҳазрати Эшон, Новқатдаги Имом ота каби ҳудудларда жойлашиб қолишган ва маҳаллий аҳолини Ислом динига даъват қилишда давом этган.
 «Шоҳ Фозил» тарихий-маданий музейидаги қимматли экспонантлардан бири қабр тошларига ўйиб ёзилган нозик каллиграфия намуналари бўлиб ҳисобланади.
Бу тарихий ёдгорликни зиёрат қилиш учун туристтик шароитларни яратиш, кўпчилик аҳолини бу ёдгорликка жалб қилиш нафақат сайёҳлик жиҳатидангина эмас, балки тарихни, архитектурани кўрсатиш бўйича ҳам катта аҳамиятга эга.
Манбалар асосида Анвар Икрамов тайёрлади

Биз Twitterда