Беназир овоз соҳиби Комилжон Отаниёзов таваллудига 100 йил. Қалбларда мангу қолган наволар

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг таклиф ва ташаббуси билан бу йил Ватанимиз гўзаллигини, юксак инсоний туйғуларни авж пардаларда куйлаган, беназир овоз соҳиби Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги санъат ва нафосат байрами сифатида бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланади. Бу айём олдидан адабиётшунос Бобохон Муҳаммад Шарифнинг устоз ижодини тўлақонли равишда очиб берувчи ушбу таъсирчан мақоласини сизларга илиндик.
 
 
Инсон ҳаётини куй-қўшиқсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Катта-кичик анжуманлар, тадбирлар, тўй-томошаларимиз, яхши кунларимизга санъаткорларимиз хизмати ўзгача файз, завқу шавқ, мазмун бағишлайди.
Шу боисдан ҳам санъатсевар халқимиз ўзининг бой миллий маданий меросини ҳамиша қадрлаб, ардоқлаб келган. Хоразм мусиқий муҳити ривожига бетакрор ҳисса қўшган Муҳаммад Раҳимхон Феруз ўз замонасида мақомларнинг бебаҳо мулк, улкан хазина экани ва уларни тиклаш, ёзиб олиш давлат аҳамиятига эга иш сифатида қараган. Мақомларга муқаддас бисот, мулк деб қаралгани боис уларни бузиб ижро этишга ҳеч кимнинг ҳақи бўлмаган. Билиб-билмай ижро қилганлар эса жазоланган. Бу эса санъатга бўлган катта маонавий муносабатнинг ёрқин ифодасидир.
Феруз топшириғи билан Комил Хоразмий муғаннийлар ва мусиқашунослар (шу жумладан Комилжон Отаниёзовнинг отаси Отаниёз охуннинг бевосита иштирокида) ўн икки мақомни ноталаштиришни бошлашган. Аммо, Муҳаммад Раҳимхон вафотидан кейинги хонлик қилганлар даврларида, афсуски, бу иш молиялаштирилмагани ва мусиқашунослар маблағ билан таоминланмагани натижасида Хоразм мақомлари олти яримлигича қолиб кетган.
Мумтоз мусиқа санъати ёқимли овоз эгаси бўлишдан ташқари, сўз танлай билиш, сўзни маҳорат билан созга уйғунлаштириб, талаб даражасида ижро этишни тақозо қилади. Бу ғоят мураккаб ижодий жараёндир. Устоз санъаткорлар кичик, ўрта ва катта авжга чиқишда ҳам маҳорат кўрсатганлар, улар овозининг кучига мос пардалар танлай олганлар.
Мақомлар ижроси профессионал малакага эга бўлган навозандаларнинггина қўлидан келади. Бу ғоят катта масъулият талаб қилади: мақомнинг чертим ва айтим йўлларини мукаммал билиш ва ижро этиш, кучли ва баланд овоз эгаси бўлиш керак! Яна овоз ширали, ёқимли бўлиши лозим. Шу ўринда Комилжон Отаниёзов ижро этган мақом йўналишидаги барча мумтоз қўшиқлар эл орасида тезда машҳур бўлиб кетганлиги, тингловчилар қалбини, бутун борлиғини забт этганлиги бор гап.
Бунинг асосий боиси – Комилжон ака бевосита санъатга дахлдор муҳитда ўсиб-улғайгани, устозлардан қунт билан ўргангани. Комилжон ака Хоразм мумтоз ашулаларини ижро этишда йигитлик пайтидаёқ пешқадам санъаткорлар сафидан мустаҳкам ўрин олди. Санъатга бахшида умр эса эл эъзози ва эотиборида. «Қўшиқ умри пойиндор» деганлари айни ҳақиқат.
Мустақил мамлакатимизда маънавият ва маърифат, миллий санъат ва маданият ривожланиб, улуғ ватандошларимизнинг хотираси, эл-юрт олдидаги хизматлари юксак қадр-қиммат топмоқда. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббускорлиги ва раҳнамолигида бу йил биз фахр билан тилга олган таниқли санъаткор Комилжон Отаниёзов таваллудининг юз йиллиги Республикамиз миқёсида кенг нишонланади.
Комилжон Отаниёзов яратган мактаб ҳақида фикр юритар эканмиз, унинг мақомларга бўлган чексиз меҳри ва ихлоси ҳақида тўхталмасдан бўлмайди. Ҳофиз кўпгина мақомларни мукаммал билган, аввало ҳар бир ғазал матни сўзларини, мазмун-моҳиятини, мағзини чуқур ҳис қилган ва тушунган ҳолда ёд олган. Унинг мақом санъатини ривожлантириш борасидаги хизматларини этук мусиқашунослар юксак баҳолайдилар. Жумладан, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг раиси, таниқли бастакор Рустам Абдуллаев билан суҳбатлашганимизда:
– Мақомлар жуда мураккаб жанр. Уларни ижро этишни барча мақомчилар ҳам уддалай олмайдилар. Аммо мумтоз наволарни Комилжон Отаниёзов юксак даражада ижро этган. Унинг овози, айтишлари ўзига хос. У мақомларга янги ҳаёт бахш этди, – деган эди.
Ўзбекистон Давлат консерваториясида ёшларга сабоқ бериб келаётган Матназар Худойназаров ўз устозининг маҳорат сирлари ҳақида тўлқинланиб гапирди:
– Комилжон Отаниёзов драматик тенор овозига эга ҳофиз эди. Айни чоғда унинг овози кучли бўлиши билан бир қаторда ғоят ёқимли, ширали эди, эшитганлар мафтун бўларди. У Қурбонназар Абдуллаев – Бола бахшидан халқ достонларини ўрганди. Достонлардаги қўшиқларни халққа ёқадиган қилиб қайта куй басталади, концертбоп қилди. Комилжон акада бундай куч бор эди. Унинг овози баланд ва ёқимли эди.Овози қизиганидан кейин ашула ўзидан-ўзи чиқаверарди. Овоз пайлари очилиб кетганидан кейин у тўрт-беш соатлаб ашула айтаверарди.
Комилжон Отаниёзов ижросидаги илоҳий оҳанглар тингловчи қалбини мумдай эритади, руҳини юксалтиради. Халқ дардини ўз дарди деб билган буюк ҳофиз мақомларни куйлаш орқали халқни гўзаллик оламига олиб кириб, руҳини кўтаришга интилди. Айниқса, «Сувора»ю «Сегоҳ»ларни бошқача меҳр-муҳаббат билан куйлаганини ҳис қиласиз. Масалан, Навоийнинг «Бир қадаҳ май ичмадим сарви гуландомим била» мисраси билан бошланадиган қўшиқни ниҳоятда катта дард билан айтган.
Ғазалдаги «Бир қадаҳ май ичмадим» сўзида тилга олинган май, бодани ичкиликбозлик тарғиботи деб тушунмаслик керак. Мутлақо! Ҳолбуки, Комилжондан қусур ахтарган ақли ноқислар ё тушунмаганидан, ёки тушунсада, махсус равишда унга шундай «айб» ҳам қўйганлар. Классик шеъриятимизда «май» поэтик образ бўлиб, ўзликдан кечиш, ғамдан фориғ бўлиб, шоду хуррамликка, ёр васлига этишиш рамзидир. Аслида ошиқни маст қиладиган нарса – бу май эмас, ёр. Яони Оллоҳнинг лутфи-карами, марҳаматидир.
Комилжон отаси Отаниёз охун, устозлари таосиротида ҳамда классик адабиёт маоноларини теран англаши туфайли тасаввуф илмидан баҳраманд бўлган. Бу илм эса адолатсизликка, зулмга қарши норозилик ҳаракати сифатида майдонга чиққан. Классик адабиётимизнинг кўпгина улуғ намояндалари учун тасаввуф замона адолатсизликларидан норозиликни ифодалаш воситаси бўлган. Севган киши покизаланади, оламга эзгулик кўзи билан қарайди, яхшилик пешида бўлади. Ғафлат босган кишилар эса ишқни англамайди. Чунки улар Оллоҳнинг эмас, нафсининг, жаҳолатнинг қулидир.
Улуғ санъаткоримизга ишқи илоҳийни завқ ва меҳр-ихлос билан куйлашида Навоий, Мунис, Огаҳий, Феруз, Машраб, Ниёзий, Партав каби улуғ шоирларнинг шеърлари қанот бўлди. Машрабнинг «Кўрдум юзингни девона бўлдим» мисраси билан бошланадиган ғазалидаги:
Юмдум кўзумни сендин бўлакдин,
Кечтим, боридин бегона бўлдум,
ёки:
Ҳамду санолар айтай худога,
Ёрга этар кун борму, ёронлар...
каби сатрлари ботинидаги Оллоҳ ишқини Комилжон теран тушунар ва авж пардаларда куйлар эди. Бунинг учун таонаю дашномлар эшитди, тазйиқларга дучор бўлди. Комилжон ака Хислатнинг «Найларам» шеъридаги «Мен юрибман ишқида таона маломатлар билан, кўзларимдан ёш тўкиб, оҳу надоматлар билан» мисраларига урғу бериб куйлагани бежиз эмас.
Комилжон Отаниёзов, унинг шогирдлари, издошлари ижро этган мақомларда Оллоҳ ишқида ёнган ошиқ дардлари баён этилган. Мисол тариқасида, Девоний сўзи билан «Кўнглум ул гулдин бўлак бир лаҳза жонон истамас, жон бериб жононин истайдур, вале жон истамас» сатрлари билан бошланадиган «Сабо» ашуласи мағзида Оллоҳ ишқи яширингандир. Билингизки, ишқ ўтида ўртанган ошиққа жонони бўлса бас, унга жонининг ҳам кераги йўқ. Эл ўз жароҳатлари учун малҳам истайди, лекин ошиқ юраги қонга тўлган бўлсада, даво истамайди. У соқийдан май эмас, олов тўла жом беришини ўтинади, чунки унинг учун ишқ аро куймоқдан ўзга орзу-армон йўқдир. Ошиқ ишқ азобида минг бор ўлиб-тирилган, аммо у бундан зинҳор пушаймон қилмайди. Ишқи илоҳий уқубатларига бардош бериш учун ирода, матонат керак. Ишқи илоҳийдан сув ичган тупроқдан эзгулик, ишқ дарахти униб чиқиб, мева беришини кутиш учун сабр керак. Ҳофизнинг Машраб сўзлари билан айтган қўшиғида зикр этилганидек «Сабр керак балосиға, ризо керак қазосиға...»
Комилжон аканинг бошқа ашулаларида ҳам ишқи илоҳий уқубатларига бардош бериш учун ирода, сабр, матонат кераклиги уқтирилади.
Комилжон Отаниёзов «Сувора»лар, «Сегоҳ»лар, бош-қа мақомлар ижросида ҳам янгиликлар қилди. Унинг устозлари, салафлари, жумладан Матпано ота, Ҳожихонлар мақомларни оғир йўлларда вазмин, сокин оҳангларда ижро этганлар… Матназар Худойназаров айтганидай, Комилжон ака устозларидан ўрганган мақомларига ижодий ёндашди, уларни янгилади, нақшлар, паузалар билан бойитди. Салафлар ижросида паузалар фақат мисралар орасида сезилса, Комилжон ака ижросида сатр ичидаги сўзлар орасига ҳам паузалар киритди, куйни «тезлаштирди». Бу ўзгариш ҳақида Ҳожихон Болтаев: «Биз оҳиста, бир-бир қадам ташлар эдик, Комилжон отни йўрғалатди, ҳозиргилар бўлса, югуртирадиган бўлди», деган экан. Бу янгиликлар натижасида мақомлар оддий тингловчилар ҳам тушунадиган даражага келди, ўзгаришлар халққа манзур бўлди.
Комилжон Отаниёзовнинг ўзи олтита «Сувора»ни ёзган. Шунингдек, у ижроси 12 18 минутга борадиган мухаммасларни, жумладан ҳар бир банди 5 мисрадан иборат 9 бандлик «Қаро шомлар» ашуласини (Комил Хоразмий шеъри) баланд пардаларда куйлаш қудратига эга бўлган, юраги бақувват санъаткор эди. Авжлари 3 5 минутгача борадиган бундай залворли ашулаларни ижро этиш юракка юк бўлиб тушишини қайд қилишади. Комилжоннинг юраги бақувват бўлган, шунинг учун ҳам у тўрт-беш соатлаб ашула айта оларди. Ортиқ Отажонов устозининг сўнгги кунларини эслар экан, ҳофизни даволаган машҳур кардиолог Катсеновичнинг «Комилжоннинг кўп аъзолари хаста бўлсада, юраги бақувват экан, бундай қувватли юрак камдан-кам одамда бўлади», деган гапларини эслайди. Илоҳий ашулаларни ижро этиш учун илоҳий куч керак. Оллоҳ Комилжонни айни ана шу илоҳий куч билан сийлаган. Унинг илоҳий ашулаларини эшитган тингловчи дардига малҳам топади. Хусусан, «Хоразм Сегоҳи»ни эшитар экансиз, бу илоҳий кучни ич-ичдан ҳис қиласиз. «Сегоҳ»ни ўз маромида ва тингловчини жалб этадиган ҳолатда ижро этиш унча-мунча хонанданинг қўлидан келадиган иш эмас. Комилжон ижросида дарднок, ғамбода қилиб айтилган бу қўшиқ юрак-юрагингизга бориб этади:
Холу хатинг хаёлидин, эй сарви гулоузор,
Гоҳи кўзимга хол тушубтур, гаҳи ғубор...
Ашула ана шу сўзлар асносида залворли куй билан бошланади. Қўшиқ бандлари куйга монанд салобатли янграйди. Оғир «қадамлар» билан бошланган оҳанг ижро давомида баландлаша боради. «Жонимни ўртаган» сўзларида ўртача даромадга чиқилган. «Ҳар дам кўнгул»га келганида даромад юксалган ва сўнг ҳофиз авж нуқтага чиққан. «Мискин Навоий» сўзларидан ке-йин ашула яна оҳиста оҳангларда якунланади. Эътибор берилса ашула ижросида асл матнда бўлмаган «жо-о-онай, бедард ё-о-оримай, ҳайронингман» каби ундалмалар учрайди. Ҳофиз буларни қўшишга ҳақли эканлигини олдиндан қалбан ҳис қилган, тушунган. Шунинг учун ҳам Комилжон ижросида «Сегоҳ»даги сўз ва соз, овоз уйғунлиги тингловчини мафтун этади, руҳига ором беради. Машҳур ҳофиз ҳақидаги филпм-концерт ҳам айнан ана шу қўшиқ билан бошланиши бежиз эмас. Устоз талқинидаги бу қўшиқ қўлига яхши ният билан тор олган ҳар бир хонандани эл назаридан ўтказади, десак хато бўлмас. Айниқса, Отажон Худойшукуров, Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов, «невара» шогирдларидан Раҳматжон Қурбонов, Фарҳод Давлатовлар машҳур устози изидан бориб, «Сегоҳ»ни ўзларига яраша авж нуқталарига этказиб ижро қилганлари учун халқ муҳаббатига сазовор бўлишди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Комилжон Отаниёзов юракдан жўшиб куйлаган ашулалари билан миллати, халқи шаонини, қадр-қимматини улуғлади. Дунёга танитди. У ишқ йўлини истиқбол йўли деб билди. Ёр ва диёрни, Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатни, илоҳий ишқни дилдан куйлади. Шунинг учун ҳам халқ бу йўсиндаги ашулаларни жон қулоғи билан эшитди ва «Қўшсоҳил булбули» дея эотироф этилган Комилжон Отаниёзовнинг олтин меросини ҳамон севиб, жону дилдан тинглашмоқда. Ҳали қанча асрлар, замонлараро буюк ҳофиз қўшиқлари тўй-базмлар, тантаналар, анжуманларга зийнат, завқ, ҳикматлар бағишлашига шак-шубҳа йўқ.

Биз Twitterда