ДУНЁ ЎРГАНСИН ДЎСТЛИКНИ ЎЗБЕК-ҚИРҒИЗГА ҚАРАБ!

 
ДУНЁ ЎРГАНСИН ДЎСТЛИКНИ ЎЗБЕК-ҚИРҒИЗГА ҚАРАБ!
Аввал хабар берганимиздек, Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг Фарғона водийси бўйлаб ижодий сафари давом этмоқда.
Қирғиз қардошларимиз Наманган вилоятига гастрол сафари доирасида Алишер Навоий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида ўзбекистонлик санъат ихлосмандларига “Айкол Манас” спектаклини намойиш қилдилар.
Спектакл намойиши олдидан ўзбек ва қирғиз санъаткорлари ижросида Бобур ғазаллари билан басталанган дилрабо куй-қўшиқлар янгради. Айниқса, Қирғиз Республикаси халқ шоири, хушовоз оқин Идрисбек Айтбоев серқирра иқтидори орқали йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Наманган вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Фотиҳ Жалолов, Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри Набижон Мамажонов бундай ижодий ҳамкорлик миллатларо тотувликни мустаҳкамлаш, ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасида дўстлик ва маданий алоқаларини янги сифат босқичига кўтариш, икки халқнинг миллий маданий меросини кенг тарғиб этишга хизмат қилажагини таъкидладилар.
 
 
- Миллатни миллат сифатида танитишда, халқларнинг миллий қадриятлари ва маънавий меросини асрлар оша асраб-авайлашда санъатнинг ўрни беқиёс, - дейди vodiymedia.uz сайтига берган эксклюзив интервьюсида Ўш театри раҳбари Набижон Мамажонов. – Шу маънода, ижодий гуруҳимиз билан қирғиз халқининг дунёга машҳур “Манас” эпосининг афсонавий воқеалари асосида саҳналаштирилган “Айкол Манас” спектаклини ўзбекистонлик театр шинавандалари эътиборига ҳавола этдик.
Қарийиб 100 йиллик тарихга эга бўлган отахон театримизда бугунги кунда 160 киши фаолият юритмоқда. Ижодий гуруҳимиз азал-азалдан ўзбек театри ижодкорлари билан мустаҳкам ҳамкорликдамиз. Санъат даргоҳимизда Ботир Зокиров, Аббос Бакиров, Раззоқ Ҳамроев, Наби Раҳимов, Тамарахоним каби атоқли санъаткорлар меҳнат қилишган. Биз бундан фахрланиб юрамиз. Дарвоқе, Наманган театрининг забардаст вакили, Ўзбекистон санъат арбоби Карим Йўлдошев ҳам маълум муддат бизнинг сафимизда иш олиб борган.
Ўш театри етакчиси 12 йиллик таннафусдан сўнг бўлган Фарғона водийси бўйлаб ташриф таассуротлари ҳақида шундай дейди: “Мамлакатимиз раҳбари Алмазбек Атамбаев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг амалий саъй-ҳаракатлари билан биз театр ижодкорлари Фарғона водийсидаги миллатдошларимиз билан дийдорлашганимиздан, ўзаро тажриба алмашганимиздан беҳад мамнунмиз. Бу ўз навбатида айниқса, бизнинг театр ривожида, кадрларимизнинг касбий маҳоратини юксалишида муҳим омил бўлади. Боиси, театр соҳасида катта тажриба мактабига эга бўлган Ўзбекистонда бунинг учун барча имкониятлар ва амалий кўмакни яқиндан ҳис этмоқдамиз. Насиб этса, бу йил ўзбекистонлик санъат усталари билан ҳамкорликда Бобур ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги янги  спектаклни саҳналаштиришни кўзда тутмоқдамиз.
Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг беқиёс хизматлари натижасида амалга оширилган ижобий ўзгаришларни биз Ўшда намойиш этилаётган ўзбек телеканаллари орқали кузатиб борамиз. Бизни ўзбекона тавозе ва меҳмондорчилик, юксак ҳурмат билан Наманган шаҳрида кутиб олишди. Наманганга бежизга гуллар шаҳри дея таъриф беришмаган экан. Бунга Наманган шаҳри бўйлаб саёҳатимиз давомида яққол амин бўлдик.”
 
Ўшлик ижодкорнинг Фарғона водийси гавҳари Наманган бўйлаб ижодий сафари давом этмоқда.
 
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Vodiymedia.uz учун махсус

Биз Twitterда