Ўзбекистонда сўзловчи ва ҳаракатланувчи 3D ўлчамли китоблар чоп этилмоқда

Article
Ўзбекистонда инновацион технология асосида 3D ўлчамли китоблар ҳам чоп этила бошланди. Бу лойиҳа Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ва “Colar Technology” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган бўлиб, ноширлик соҳасида янгиликдир. Бу лойиҳа дунёнинг саноқли мамлакатлари тажрибасидан ўтган. 
Буюртма асосида китоб дўконларига етказиб берилаётган бу ноширлик маҳсулоти болаларни китоб дунёсига етаклашда ўзига хос хусусиятга эга. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида бўлган 3D ўлчамли китоб харид қилингандан сўнг уяли телефонда махсус дастур юклаб олинади. Дастурдаги скретч-код фаоллаштирилиб, китобдаги расмларни эҳтиётлик билан контурлардан четга чиқмасдан бўяш лозим. Ундан сўнг тасвир устига смартфон ёки планшетни олиб борасиз. Шу ондаёқ мониторда бўялган расм ҳаракатланиб, сўзлашга тушади. Жонланган расм билан суратга тушиб, тайёр фотони электрон жўнатиш мумкин. Ҳозир бу каби китоблар “Бизнинг касбларимиз”, “Ҳайвонот оламида” ва “Севимли қаҳрамонлар” каби рукнларда тайёрланмоқда. “Ўзбек халқ эртаклари” рукни остида ҳам бу каби инновацион ноширлик маҳсулотини яратиш устида иш олиб борилаётир. 

Биз Twitterда